Ўзбекистон учун Умра квотасини 10 минг қилиш режаланмоқда

2018 йилдан Ўзбекистон фуқаролари учун Умра квотасини ҳозирги 6000 ўрнига 10000 нафар қилиб белгилаш режаланмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқ Юсупов Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида таъкидлади.

"Жорий йилдан бошлаб 7200 нафар юртдошимиз Ҳаж сафарини, келгуси йилдан бошлаб эса 10 минг нафар юртдошимиз Умра зиёратини адо этиши режалаштирилган", - деди Юсупов.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирга қадар ҳар йили 5 минг нафар ўзбекистонлик Ҳаж сафарини, 6 минг нафари эса Умра зиёратини адо этиб келишаётган эди.