Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукумат делегациялари ишчи гуруҳларининг уч кунлик учрашуви якунланди. Унда тожик-ўзбек давлат чегарасининг делимитация ва демаркация масалалари муҳокама қилинди.
Бу ҳақда Тожикистон ташқи сиёсат идораси ахборот департаментига таяниб, “Азия Плюс” нашрининг хабар қилишича, учрашувда ўзбек-тожик давлат чегарасининг қолган қисмларидаги ўтиш чизиғига оид тегишли масалалар муҳокама қилинган.
Музокараларда Ўзбекистон делегациясига алоҳида топшириқлар бўйича элчи Илҳом Неъматов, Тожикистон делегациясига эса ТИВ раҳбари ўринбосари Маҳмадшариф Ҳақдод бошчилик қилди.
Шу билан бирга, “АП”нинг ҳукумат доираларидаги манбаларга таяниб хабар беришича, Ўзбекистон ва Тожикистон жорий йил охирига қадар икки давлат чегарасидаги баҳсли қисмлар билан боғлиқ бўлган масалалар борасида тўлиқ келишиб олишлари, ҳамда тегишли халқаро келишувни имзолашлари мумкин.
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги давлат чегарасининг асосий ўтиш линияси келишиб олинган ва икки давлатнинг ўзбек-тожик Давлат чегараси тўғрисидаги 2002 йилдаги Битим билан мустаҳкамланган. У ҳар икки мамлакат парламенти томонидан ратификация қилинган.
Бугунги кунда икки давлат мамлакатнинг 60 километрлик чегараси мувофиқлаштирилмаган.
Ўзбекистон-Тожикистон чегарасининг умумий узунлиги 1332,9 км.