Уриб ўлдирилган ўқувчи ҳимоясига йиғилган петицияни ИИВ "олиб қолди" (ВИДЕО)

Тошкентдаги "Дўстлик" боғида шу йилнинг майида шаҳар тиббиёт коллежида аёвсиз калтакланган 17 яшар Жасур Иброҳимовнинг ҳимоясига акция бўлиб ўтди. Ўқувчи ҳодисадан қарийб бир ой ўтиб, шифохонада вафот этди. Тошкент шаҳар ИИББ ҳодиса юзасидан бир кишига нисбатан жиноят иши қўзғатилганини билдирди.

Ўқувчи ҳимоясига 400 киши йиғилди

4 июнь куни маҳаллий вақт билан соат 12дан сўнг Тошкентнинг "Дўстлик" (собиқ "Бобур") боғида Жасур Иброҳимовнинг ўлими тергов қилинишини талаб қилган юзлаб одам йиғилди.

17 яшар Жасурбек Иброҳимов 3 май куни Ташкентдаги П.Ф. Боровский номидаги Тиббиёт коллежи ёнида калтакланган. Ҳодисадан сўнг у шифохонада 5 бора жарроҳлик амалиётдан ўтди, аммо 1 июнь куни вафот этди.

Акция ташкилотчиси Ирина Зайдманга кўра, куч ишлатар тузилмаларининг 30 нафарга яқин ходими акцияни кузатган ва акция тугагач, йиғилганларни Тошкент шаҳар ИИББга олиб кетган.

"ИИВ ходимлари жуда яхши муомалада бўлишди, ҳуқуқларимизни бузишмади. Шаҳар ИИББда эса биз, Жасур ва у билан муштлашган болаларнинг ота-оналари йиғилишди. ИИВ ходимлари тергов бораётгани ва охирида жиноятга алоқадорларнинг ҳаммаси жазога тортилишини айтди. Сўнгра биз тарқалиб кетдик", деди Озодлик билан суҳбатда Ирина Зайдман.

Зайдман ИИББ ходимлари петицияда йиғилган имзоларни "ҳисобот учун зарурлиги боис, олиб қолгани", ўзида эса фотонусхаларини сақлаб қолганини айтди.

Зайдман, Озодлик билан суҳбат асносида, ИИВ ходимлари томонидан ўзи ва бошқа иштирокчиларга нисбатан куч қўлланмаганини қайта ва қайта таъкидлади.

Акцияга йиғилганлар жиноятни содир этганларга жазо талаб қилиб, Иброҳимовлар оиласи ёзган Очиқ хат остига имзо чекди.

Gazeta.uz сайти йиғилганлар билан Тошкент шаҳар ИИББнинг Тергов бошқармаси бошлиғи Дониёр Тошхўжаев учрашгани ва жиноятчиларнинг жазоланишини ваъда қилганини хабар қилди. Нашр хабарига кўра, петицияни 400дан ортиқ одам имзолаган.

Ирина Зайдманга кўра, дастлабки тахминларга кўра, "ўсмир йигитлар ўзаро қиз талашиб жанжаллашишган ва улар ўртасидаги хусумат йил бошидан буён давом этиб келган".

Марказда турган пушти кўйлакли эркак, Gazeta.uz наширга кўра, Тошкент шаҳар ИИББнинг Тергов бошқармаси бошлиғи Дилшод Тошхўжаевдир.

Петиция чақириғи тармоқда шиддат билан тарқалди

Бу жиноят адолатли тергов қилиниши сўралган акциянинг 4 июнь куни бўлиб ўтиши ҳақидаги хабар бир кун аввал ижтимоий тармоқларда эълон қилинди ва бир сутка ичида 13 мингдан ортиқ фойдаланувчи бу хабарни улашди.

Акция гувоҳлари ҳам Бобур паркида, кутилмаганда, юзлаб одам йиғилгани ва петицияни имзолаганини ижтимоий тармоқлар орқали хабар қилди.

Бу акция ҳақида Ўзбекистондан туриб хабар ёзувчи қатор ахборот сайтлари ҳам хабар қилди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Тошкентда уриб ўлдирилган ўқувчи ҳимоясига акция ўтказилди

ИИББ "адолатли терговни" ваъда қилди

Тошкент шаҳар ИИББ эса 4 июнь куни тиббиёт коллежидаги бу жиноят иши назоратга олингани, айни коллежнинг бир ўқувчисига нисбатан очилган жиноят иши бўйича тергов олиб борилаётганини хабар қилди.

"2017 йил 03 май куни тахминан соат 14:00 ларда Яшнобод тумани ҳудудидаги 145-мактаб олдида Жасурбек Махамад ўғли Ибрагимовга нисбатан оғир тан жароҳатлари етказилганлиги ҳолати юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) аломатлари билан 1999 йилда туғилган Исломбек Абдужамилович Тулагановга нисбатан мавжуд бўлган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда", дейилади хабарда.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Тошкентда уриб ўлдирилган ўқувчи ҳимоясига акция ўтказилди

Жасурнинг оиласи 6 кишига жазо сўрамоқда

Жасурнинг яқинлари эса бу жиноятни содир этганлар сони 6 киши бўлганини иддао қилиб, уларнинг ҳаммаси жазога тортилишини талаб қилмоқда.

Оила шу талаб билан Ўзбекистон президентига Очиқ хат йўллади ва Интернет тармоғида петиция эълон қилди. Ушбу петицияни 1 сутка ичида 10 мингдан ортиқ одам имзолади.

Петицияга тиркалган Очиқ хатда оила ҳодиса куни Жасурни ўта оғир калтаклар зарбидан қонга кўмилган ҳолатда уйидан топганини ёзган:

"Ўша куни оқшом соат 17-18 орасида Жасур телфон қилди... Ўғлим букилган ҳолатда ерда ётган эди. Бошини ўгириб, юзини кўрганимизда даҳшатга тушдик. бурни, оғзидан қуюқ қон оқаётган эди. Бели жароҳатларга тўла, икки тиззаси ҳам синган, пешонаси тўлиқ синган эди", дейилади марҳумнинг онаси Нилуфар Алиева президентга йўлланган очиқ мактубда.

Шундан сўнг оиласи уни шифохонага олиб борган ва шифокорлар боланинг "бир неча киши томонидан аёвсиз калтакланганини тасдиқлаган".

Бешта жарроҳлик амалиёти ўтказилганига қарамай, Жасур Иброҳимов 1 июнь куни оламдан ўтди. Эндиликда оиласи уни уриб ўлдирганларнинг барчаси жазога тортилишини талаб қилмоқда.

Оиланинг иддаосича, бу жиноятни содир этган "6 нафар ўқувчининг кимлиги тиббиёт коллежи маъмурияти, ИИБга яхши маълум, аммо уларга ҳеч қандай чора кўрилмаётир".

(Озодлик Жасур Иброҳимовнинг оиласи Очиқ мактубда келтирган телефон рақамига бир неча бор қўнғироқ қилди, аммо ҳозирча жавоб олишга муваффақ бўлмади.)

Озодлик ҳодиса тафсилотларини ўрганишда давом этмоқда, янгиликларни сайтимизда кузатинг!