Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига борди.
Бу мажмуада президент ўз ташаббуси билан очилаётган Имом Бухорий номидаги халқаро тадқиқот маркази қурилиши билан танишди.
21 май куни Саудия Арабистонида бўлган Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммити доирасида Мирзиёев Ислом тараққиёт банки президенти билан учрашган ва унда Имом Бухорий марказини очиш бўйича Англашув меморандуми имзоланган.
Бундан ташқари Мирзиёев Пайариқ туманида аҳоли учун икки ва уч қаватли арзон уй-жойлар қуриш лойиҳаси билан ҳам танишди.
Тумандаги "Тўполос" фермер хўжалиги даласида бўлган президент фермер ва деҳқонлар билан учрашди, пахта ва ғалла майдонларини айланди.
Сўнгра, Шавкат Мирзиёев раислигида вилоят раҳбарлари, мутасаддилари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги иқтисодий аҳвол, янги иш ўринлари яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича мавжуд вазият муҳокама қилинди.