ЮНИСЕФ калтаклаб ўлдирилган ўқувчи Жасур иши бўйича баёнот тарқатди

Тошкентда Тиббиёт коллежидаги жанжалда калтаклаб ўлдирилган Жасурбек Иброҳимов иши юзасидан ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси баёнот тарқатди. Ваколатхона ўқувчилар орасида зўравонлик ортаётганидан хавотир билдирди ва муаммони ҳал қилишда Ўзбекистон ҳукуматига ёрдамини таклиф қилди.

Ваколатхона раҳбари Саша Гаруманн номдан ташкилот расмий сайтида чоп этилган баёнотда, аввало, Жасурнинг оиласига ҳамдардлик билдирилган.

Сўнгра ўқувчилар орасида зўравонлик ортиб бораётгани, аксар ҳолларда катталар ва болалар бу зўравонликларни айтмаслиги, кўз юмишидан хавотир билдирилган.

Баёнотда ЮНИСЕФ ваколатхонаси раҳбари бу муаммони ҳал қилишда Ўзбекистон ҳукуматига 6 йўналишда ёрдамини таклиф қилди:

"Қуйидаги олтита стратегия кўпгина мамлакатларда фойдали деб топилди: 1) ота-оналар, болани парвариш қилувчилар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш; 2) болалар ва ўсмирларга хавф-хатар ва таҳдидларга қарши курашишни бошқаришда ёрдам бериш; 3) зўравонлик ва таҳқирлашга олиб келувчи муносабат ва ижтимоий нормаларни ўзгартириш; 4) муаллимлар ва расмий шахсларни болаларга тегишли хизмат кўрсатиш борасида ўқитиш; 5) болаларни ҳимоя қилувчи қонун ва сиёсатни амалга ошириш; ва 6) маълумотларни йиғиш ва тадқиқотлар ўтказиш", дейиилади баёнотда.

17 яшар Жасурбек Иброҳимов 3 май куни Ташкентдаги П.Ф. Боровский номидаги Тиббиёт коллежи ёнида калтакланган. Ҳодисадан сўнг у шифохонада 5 бора жарроҳлик амалиётдан ўтди, аммо 1 июнь куни вафот этди.

4 июнь куни Тошкентнинг "Дўстлик" (собиқ "Бобур") боғида Жасур Иброҳимовнинг ўлими юзасидан адолатли терговни талаб қилаётган оиласини қувватлаган юзлаб одам йиғилди.

Тошкент шаҳар ИИББнинг Тергов бошқармаси бошлиғи Дониёр Тошхўжаев йиғилганлар билан учрашди ва шахсан ўзи, жиноятчилар аниқланиб, жазоланишини ваъда қилди.

5 июнь куни эса Ўзбекистон Бош прокуратураси бу ишнинг терговини республика Бош прокурори ўз назоратига олганини билдирди.

"Жиноят иши 2017 йил 4 июнь куни Тошкент шаҳар прокуратураси иш юритувига қабул қилинган. Тўпланган далиллар мажмуи асосида И.Тулаганов Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинди ва унга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди... Жиноят иши юзасидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан шахсан назоратга олинди", дейилди, жумладан, Бош прокуратура баёнотида.

Талаба Жасур Ибрагимовнинг ўлими ортидан у ўқиган П.Ф.Боровский номидаги тиббиёт коллежи директори Лутфи Юсупова ва яна икки муаллим ўз аризасига биноан ишдан олинди.