2017 йилнинг биринчи ярим йиллиги бўйича кутилаётган натижалар таҳлилига бағишланган ҳукумат видеоселектор йиғинидан бир кун ўтиб президент Шавкат Мирзиëев яна бир кенгайтирилган видеомажлис ўтказди.
Kun.uz сайтининг маълум қилишича¸ 13 июнь кунги видеоселектор муҳокамасига суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишлар аҳволи, муаммолар ва келгусидаги вазифалар киритилган.
Мазкур мажлисда ҳукумат раҳбар ва мутасаддиларидан ташқари ҳокимлар¸ суд соҳаси фахрийлари ва суд ходимлари, Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари депутатлари, халқ қабулхоналари раҳбарлари, халқ таълими бўлими раҳбарлари, барча коллеж, лицей ва мактаблар директорлари, қишлоқ-овул, шаҳарча ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этган.
Ҳозирча президент матбуот хизмати ва ЎзА миллий агентлиги бу видеоселектор тафсилотларига оид маълумот тарқатмади.
12 июнь кунги йиғинда танқидга учраган Самарқанд вилоят ҳокими ва Ўзбекнефтгаз раҳбари ишдан бўшатилди.