Россиядаги ўзбек консуллиги Астраханда ҳибсда қолаётган фуқаролар билан учрашди

Россиядаги Ўзбекистон элчихонаси биноси олдида навбатда турган ўзбекистонликлар

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг 5 июл куни бўладиган фуқаролар билан онлайн мулоқоти пайтида Россиядаги элчихона сайёр қабулхоналар ташкил қилмоқчи.

Бундай қабулхоналардан бири Астрахан областида тайёргарлик тариқасида ташкил қилингани ҳақида Sputnik нашри хабар қилмоқда.

Хабарда айтилишича, Россияда доимий яшовчи ўзбекистонликлар - меҳнат муҳожирлари ва талабалар билан ўтказилган учрашувда "фуқаролик, ватанга қайтиш сертификати ва туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштиришга оид турли масалалар бўйича 51та ҳужжат кўриб чиқиш учун қабул қилинган".

Бундан ташқари, элчихона ходимлари Астрахан шаҳридаги чет эл фуқароларини вақтинчалик ушлаб туриш марказида бўлган ва у ердаги ўзбекистонликлар билан учрашиб, қўлга олинган фуқаролар ҳужжатини расмийлаштириш жараёнини соддалаштириш бўйича келишувга эришган.

Бунга қадар, Ўзбекистонда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаттлари йили" муносабати билан Россиянинг Ростов области ва Краснодар ўлкасида саййёр қабуллар ўтказилган.

Шунингдек, Ўзбекистон элчихонаси яқин кунларда консуллик бўлимини Россиянинг бошқа минтақаларига юборишни режалаётгани ҳам хабар қилинди.