Ироқ қўшинлари Мосулда ИДнинг сўнгги қўрғонига ҳужум бошлади

Ироқ ҳарбий қўмондонлиги қўшинлар "Ислом давлати" (ИД) экстремист гуруҳининг Мосулдаги сўнгги қўрғонига кириб борганини маълум қилди.

Генерал Абдул-Амр Рашид Ёроллоҳга кўра, Мосулнинг Эски шаҳар қисмидаги амалиёт 18 июнда бошланган, унда армия ва полиция қатнашмоқда.

Халқаро коалиция қўшинлари Эски шаҳарни ярим тунда ҳаводан ўққа тутган, сўнгра қуруқлик қўшинлари юриш бошлаган.

ИД Мосул шаҳрини 2014 йилда эгаллаб олган ва бу шаҳарни ўзи даъво қилган халифаликнинг Ироқдаги пойтахти, деб эълон қилган эди.

Мосулнинг Эски шаҳар қисмида 150 мингга яқин аҳоли қамалиб қолгани тахмин қилинмоқда. Улардан жангарилар тирик қалқон сифатида фойдаланаётгани хабар қилинган.