20 июнь куни Ўзбекистоннинг барча мактабларида 9-синф ўқувчилари ва ота-оналар ўртасида 11 йиллик таълимга ўтишнинг қанчалик мақсадга мувофиқлиги борасида сўров ўткизилади.
Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабар берди. Вазирликка кўра¸ сўровнинг биринчи босқичи 18 июнь куни Тошкент шаҳридаги мактабларда ўтказилган.
Мазкур сўров президент Шавкат Мирзиёев пойтахтдаги 78-мактабда тажриба тариқасида 11 йиллик таълимни қайта тиклашни таклиф қилгани муносабати билан ўтказилмоқда.
Ўзбекистонда ўрта таълим собиқ президент Ислом Каримов ташаббуси билан 12 йиллик қилиб белгиланган эди. Ўқувчилар ўрта маълумотли бўлиш учун 9-синфни ва шундан сўнг уч йиллик касб-хунар коллежи ёки академик лицейни тамомлаши зарур.