Ўғли қийнаб ўлдирилганини иддао қилган она президент қабулига бораётганда ҳибсга олинди

Каромат Қодирова

Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани ички ишлар бўлимида 33 яшар ўғли қийнаб ўлдирилгани ва асосий айбдорлар жазодан қутулиб қолаётганидан шикоят қилган сурхондарёлик она Каромат Қодирова 19 июнь куни президент девонидаги келишилган учрашувга бораётган пайтда, Дарбанд постида тўхтатиб қолинди. Орқадан етиб келган милиция ходимлари Каромат Қодировани туманга қайтариб олиб борган ва у ярим кечаси суд қилиниб, тўрт суткалик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

"Опа, мошиндан тушинг, Жарқўрғонга қайтамиз"

Жорий йилнинг 20 январь куни туман ички ишлар бўлимида 33 яшар ўғли Муродилла Омоновнинг қийнаб ўлдирилганини иддао қилиб келаётган жарқўрғонлик тадбиркор Каромат Қодирова 19 июнь куни президент халқ қабулхонасида белгиланган учрашувга бориш учун йўлга чиққанида Сурхондарё вилоятидан чиқишдаги Дарбанд постида тўхтатиб қолинган.

Бу ҳақда ўзбекистонлик мустақил журналист Малоҳат Эшонқулова ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида ёзди.

Каромат Қодированинг марҳум ўғли Муродилла Омонов

Каромат Қодированинг синглиси Муҳаббатнинг Озодлик радиосига айтишича, жарқўрғонлик милиция ходимлари уни Тошкентга бормаслиги учун атайлаб жанжал уюштирган:

- Опам ўтган куни ўзимизнинг Сурхон посёлкасида вилоят ҳокими иштирок этган “Халқ билан мулоқот” учрашувига борган. Ўша ерда бир хотин атайлаб онам билан жанжал қилган, опамни ҳақорат қилган. Хуллас, икки аёл анча жанжаллашган. Ҳоким “буларнинг иккисини ҳам 15 суткадан қаманглар”, деб айтибди. Кейин опам хафа бўлиб уйга келди. Орқасидан участка нозири етиб келдида, тушунтириш хати ёздириб, олиб кетди. Кеча эса президент девони тайинлаган учрашувга кетаман деб, йўлга чиққан эди. Лекин кечга томон “мени милисалар қайтариб олиб келяпти”, деб телефон қилди, дейди Муҳаббат.

Унинг айтишича, опаси ярим кечаси суд қилиниб, Термиз шаҳар ички ишлар бўлими изоляторига олиб кетилган:

- Кечаси соат биргача биз мелисахонанинг олдида эдик. Опамни бизга ҳам кўрсатмасдан, судяни уйидан чақиртириб, суд қилишибди. Тўрт суткалик қамоқ жазоси берибди. Буларнинг мақсади, опамни 22 июнь куни президент халқ қабулхонасида бўладиган учрашувга юбормаслик бўлган, деди Муҳаббат.

“Президент вакили опани учрашувга таклиф этди”

Ўзбекистонлик мустақил журналист Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, фарзандининг ўлими юзасидан бир неча бор шикоят ёзган Каромат Қодировани президент виртуал қабулхонаси 22 июнь куни соат 10га учрашувга таклиф қилган эди:

- Каромат опа президент порталига ўғлининг қотилларини топиб жазолаш ҳақида кўп шикоят ёзган. Мен ҳам шу ҳақда бир видеофильм қилиб порталга жўнатган эдим. Уч кун олдин менга порталдан қўнғироқ қилган мулозим, “опага етказинг, 22 июнь куни соат ўнда Ички ишлар вазирлигининг санъат саройида Сурхондарё вилояти суд-ҳуқуқ тизими бўйича аризалар тингланади, шунга келсинлар”, деб айтди. Кейин мен опага тел қилиб айтдим, хурсанд бўлдилар ва эртагаёқ йўлга чиқаман, дедилар. Кеча эса соат 20.05да тел қилиб, мени милисалар Дарбанддан қайтариб олиб кетишяпти, дейди Малоҳат Эшонқулова.

Жарқўрғон тумани ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирининг ўзини таништирмаган мулозими Каромат Қодирова 19 июнь куни кечаси соат 12да Жарқўрғон тумани фуқаролик суди томонидан тўрт суткага маъмурий қамоққа олинганини тасдиқлади.

Мулозимга кўра, ҚодироваЎзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 183 – майда безорилик ва 194 – милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик тўғрисидаги моддалари билан айбланган.

"Ярим кечаси ҳам суд қилишадими?"

Мустақил журналист Малоҳат Эшонқулова фикрича, Каромат Қодировани суд қилишдан мақсад, уни президент вакиллари билан бўладиган учрашувдан олиб қолиш бўлган:

- Жуда ҳам қизиқ ҳолатлар рўй беряпти. Агар уларнинг опани қамаш ниятлари бор экан, нега куни билан уни судга чақирмади? Нега орқасидан қувиб келиб, ярим йўлдан ушлаб олиб кетяпти? Нега ярим кечаси, ўғринча суд қиляпти? Агар опа ҳақиқатан майда безорилик содир қилган бўлса, нега ўша модданинг биринчи қисми - жаримани қўлламаяпти, нега айнан аёл кишига қамоқ жазоси беряпти? Ярим кечаси судьяни қаердан топиб келяпти? Нега маҳкамани кундузига қолдирмаяпти? Буларнинг ҳаммаси нимани кўрсатяпти? Бунинг жавоби битта, яъни опани президент қабулига юбормаслик, гуноҳлари очилиб қолишдан ҳадик, деди Малоҳат Эшонқулова.

Озодлик Жарқўрғон тумани Фуқаролик ишлари судидан бу масалага муносабат ололмади.

Воқеа тарихи

Жарқўрғонлик тадбиркор Каромат Қодирова туман милицияси ходимлари унинг 33 яшар ўғли Муродилла Омоновни қийнаб ўлдирганликда айблаб келади.

Жорий йилнинг 21 январь куни милиция ходимлари Муродилла Омоновни ИИБ олдида тўхтатиб, ҳибсга олган эди.

“Ўн беш суткага қамалган” деб айтилган Муродилла Омонов ўша куни кечқурун ички ишлар бўлими изоляторида ўлган.

Расмий маълумотда, уни ўз курткаси билан хона эшиги панжарасига ўзини осган, деб маълумот берилган.

Murodilla Omonov

Бу иш бўйича Ўзбекистон ЖКнинг 207-моддаси билан "мансабга совуққонлик, ўз вазифасига лоқайдлик ёки виждонсизларча муносабатда бўлиш", деган жиноят иши очилган ва бир нафар милиция ходими ишдан бўшатилган.

Аммо, Каромат Қодирова ўғлини милиция ходимлари уриб ўлдирган, бу “буюртма қотиллик” деб, иддао қилади.