“Ислом давлати” гуруҳи 21 июнь куни Ироқнинг Мосул шаҳри бош масжиди бўлган Ал Нурини портлатиб юборди.
1172 йилда қурилган мазкур масжидда 2014 йилнинг июлида “Ислом давлати” гуруҳи раҳбари Абу Бакр ал Бағдодий халифалик тузилгани тўғрисида баёнот бериб, ўзини халифа деб эълон қилган эди.
“Ислом давлати”нинг қора байроғи Мосул шаҳри бош масжиди минорасида 3 йилдан бери тушмай келаётган эди.
“Ислом давлати”га қарши урушни бошқараётган АҚШ армияси генерали Жозеф Мартин Мосул бош масжидининг вайрон этилишини “Мосул ва бутун Ироқ халқига қарши қилинган жиноят” деб атади.
Аввалроқ Ироқ ҳарбий қўмондонлиги қўшинлар "Ислом давлати” гуруҳининг Мосулдаги сўнгги қўрғонига кириб борганини маълум қилган эди.
Генерал Абдул-Амр Рашид Ёроллоҳга кўра, Мосулнинг Эски шаҳар қисмини жанггарилардан озод қилиш бўйича амалиёт 18 июнда бошланган, унда армия ва полиция қатнашмоқда.