Вазирлар Маҳкамаси 20 июнь куни бакалавриат ва магистратура босқичига талабаларни қабул қилишнинг янги тартиблари белгиланган қарорни қабул қилди.
«Олий таълим муассасаларига қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги 393-сонли қарорда абитуриентларни контракт бўйича белгиланган квотадан ташқари қўшимча равишда ўқишга қабул қилиниш тартиби белгилаб берилди.
Қарорга берилган расмий шарҳда айтилишича, контракт асосида қўшимча қабул олий таълим муассасалари томонидан 15 октябрга қадар амалга оширилади. Қўшимча қабул тўғрисидаги таклифни олийгоҳлар Давлат комиссиясига тақдим этадилар.
Шундан сўнг 20 октбяргача Давлат комиссияси "оширилган тўлов-контракт шарти билан абитуриентларни кўшимча қабул қилиш кўрсаткичлари юзасидан 20 октябрга қадар қарор қабул қилади”.
Тест синовларида етарли балл тўплай олмаган абитуриентлар қўшимча контрактда ўқиш учун тест натижалари эълон қилингандан бошлаб 1 ой ичида ариза бериши керак.
Тўплаган баллари қабул квоталари чегарасига бир баллдан 4 баллгача етмаган абитуриентлар белгиланган контрактнинг 1,5 баробаридан 3 баробаригача, кириш синовларида тўплаган натижалари энг юқори баллнинг 30 фоиз (68,0 балл)дан кам бўлмаганлар эса 10 баробардан ортиқ оширилган тўлов-контракт миқдорида тўлов тўлаш шарти билан ўқишга қабул қилинади.