Human Rights Watch ва инсон ҳақлари бўйича Ўзбекистон-Германия форуми 27 июнь куни эълон қилган ҳисоботда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги¸ хусусан¸ пахтачиликдаги болалар ва мажбурий меҳнатни Жаҳон банки берган ярим миллиард долларлик кредитга боғлади.
“Пахта теришдан бош тортолмаймиз”: Мажбурий ва болалар меҳнати Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги инвестицияларига бориб тақалади” деб номланган 114 саҳифалик ҳисоботда Тошкент ҳукуматининг талабалар¸ ўқитувчи ва тиббиëт ходимлари¸ қолаверса бошқа бюджет ташкилотлари ва хусусий тадбиркорлар¸ айрим ҳолларда¸ болаларни ҳам пахта даласида мажбуран ишлатишда давом этаëтгани айтилади.
2015-2016 йилги пахта мавсумидаги мажбурий меҳнат тафсилотларига бағишланган бу ҳисоботда¸ ҳукумат талабига бўйсунмайдиганларга нисбатан ишдан бўшатиш¸ ўқишдан ҳайдаш¸ стипендия ва нафақаларини кесиш билан таҳдид қилиниши айтилади.
Биргаликда ҳисобот¸ айтилишича¸ мажбурий меҳнатга дучор бўлган 257 ўзбекистонлик билан батафсил суҳбат ва 700 ўзбекистонлик билан қисқа суҳбатлар асосида ҳозирланган.