Суд Нидерландия ҳукуматини Сребреницадаги мусулмонлар ўлимига қисман жавобгар деб топди

БМТнинг Поточари қишлоғидаги собиқ ҳарбий базаси.

Нидерландия суди 1995 йилда Сребреницада босниялик 300 мусулмоннинг серблар томонидан отиб ўлдирилишида Нидерландия ҳукуматининг қисман айби бор¸ деган хулосага келди.

2014 йилда Ҳаага фуқаролик суди собиқ Югославиядаги тинчлик ўрнатиш амалиётида иштирок этган нидерланд ҳарбийлари 1995 йилда Поточари қишлоғидаги ҳарбий базага яширинган 300 мусулмонни ҳайдаб чиққани учун Нидерландия ҳукумати масъул, деган қарор чиқарган эди.

Ҳарбий базадан ҳайдаб чиқарилганлар яна бошқа 7 минг мусулмон билан бирга босния серблари томонидан Сребреницада қатл қилинган. Ҳаага аппеляция суди 27 июнда чиқарган қарори билан Ҳаага фуқаролик суди ҳукмини тасдиқлади.

- Кўплаб гувоҳларнинг кўрсатмаларини ҳисобга олиб, суд нидерланд аскарлари одамларни базадан эвакуация қилар экан, уларнинг ҳаётига таҳдид борлигини билганлар, деган хулосага келди ,- деди судья Гепке Далек-Шермерс

Бу қатлиом 2007 йилда Ҳаага халқаро трибунали томонидан геноцид деб тан олинган эди. Қатлиомда айбланган босния серблари лидери Ратко Младич Ҳаага халқаро трибунали томонидан судланмоқда. Унга нисбатан ҳукмнинг 2017 йил охиригача чиқарилиши кутилмоқда.

Сребреницада 7 минг мусулмон эркак ва ўғил болаларнинг қатл этилиши Европада 2- жаҳон урушидан бери содир этилган энг йирик ҳарбий жиноят ҳисобланади.