Россиянинг Екатеринбург шаҳрида Ўзбекистоннинг бош консулхонаси ташкил этилишига Россия ҳукумати розилик билдирди.
Новсти агентлигининг 28 июнда хабар беришича, Россия ҳукумати фармойишида Екатеринбургдаги Ўзбекстон бош консулхонаси Урал федераль округи учун хизмат қилиши қайд этилган.
Консулхонага Свердловск, Тюмен, Курган, Челябинск вилоятлари, шунингдек, Ханти-Манси ва Ямал-Ненец мухтор округларидаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари мурожаат қила оладилар.
Бу ҳудудларга шу вақтгача Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги бош консулхонаси масъул ҳисобланар эди.
Россияда бунга қадар Москва ва Новосибирскдагина Ўзбекистон консулхоналари мавжуд бўлган. Бу икки консулхона Россиянинг 7та федерал округига хизмат кўрсатар эди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Жавлон Ваҳобов апрель ойида Россияда яна 5та консулхона очилиши ҳақида маълум қилганди.
Ўзбекистон консулхоналарини Санкт-Петербург, Қозон, Ростов ва Владивостокда ҳам ташкил этиш режалаштирилган.