Сирдарë вилояти ҳокимлиги расмий сайтида эълон қилинган маълумотга кўра¸ жорий ўқув йилидан вилоятнинг 56 мактабида тажриба-синов тариқасида 10-синфларни очиш режалаштирилган.
Вилоят Халқ таълими бошқармаси раҳбарининг билдиришича¸ 2017-2018 ўқув йилларида асосан марказдан узоқ жойлашган чекка ҳудудлардаги мактабларда 10-синфда ўқиш давом эттирилади¸ қолган 240 та мактаб битирувчилари ўқишни коллеж ва лицейларда давом эттиради.
Мутасаддига кўра¸ агар тажриба ўзини оқласа¸ бир йилдан кейин бундай мактаблар сони кўпаяди ва 11 йиллик мактаб тизимига қайтиш бошланади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев ўтган ой Тошкент шаҳридаги Учтепадаги 76-мактабга бориб¸ 11 йиллик мактаб тизимига тажриба сифатида қайтиш таклифини ўртага ташлади. Шундан сўнг Халқ таълими вазирлиги бутун мамлакат бўйлаб 9-синф битирувчилари ва улар ота-оналари ўртасида 11 йиллик мактаб тизимига қайтиш-қайтмаслик бўйича сўров ўтказди.
Ҳозирча бу сўров натижалари эълон қилинмаган бўлса-да¸ Тошкент шаҳри ва вилоятларидаги айрим мактабларда 11 йиллик таълимга ўтишга ҳозирлик бошланди.