Тожикистонда ОМОН собиқ қўмондони, 2015 йил ёзида Ислом давлати гуруҳига қўшилган полковник Гулмурод Халимовнинг тўрт қариндоши ўлдирилди.
Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, Халимовнинг қариндошлари 5 июлга ўтар кечаси Афғонистон ҳудудига ўтмоқчи бўлганида чегара олдидаги Восе туманида ҳуқуқ тартибот ходимлари томонидан йўқ қилинган.
Милиция расмийсига кўра, ОМОН собиқ қўмондони қариндошлари қуролли қаршилик кўрсатган. Отишмада ўлдирилганлар орасида Халимовнинг 52 ёшдаги акаси Султонмурод Халимов ҳам бор.
Халимовнинг яна уч қариндоши Тожикистон милицияси томонидан қўлга олинган.
Апрель ойида Гулмурод Халимовнинг 18 ёшли ўғли Беҳруз Сурияга отаси олдига кетмоқчи бўлган, деган айблов билан Тожикистонда қўлга олинган эди.
Гулмурод Халимов 2015 йили Сурияга кетиб, “Ислом давлати” гуруҳига қўшилган эди. Мазкур гуруҳ сафида дала қўмондони бўлган Ҳалимов 2017 йил апрелида Мўсулда ўлдирилгани хабар қилинган. Аммо Тожикистон ҳукумати унинг ўлимини расман тасдиқламади.
АҚШ Гулмурод Халимов ҳақида маълумот берганларга 3 миллион доллар миқдорида мукофот ваъда қилган.