Россиянинг Москва шаҳри Бобруйский тумани суди 25 ёшли ўзбек муҳожирини чавақлаб кетган смоленсклик йигитни “майда безорилик учун” 10 минг рубл ёки 165 долларлик жаримага тортди ва суд залида озод қилди. Озодлик билан суҳбатда 25 яшар Абдуҳаким ва унинг ҳимоячилари судянинг бу қароридан ҳайратга тушганини билдирди.
Жиноятда айбдор деб топилган 20 яшар смоленсклик Владислав Валуев суд маҳкамасида ўз ҳаракатларини “айнан ўзбек ва тожикларни ёмон кўриши” билан изоҳлади.
Москванинг Бобруйский туман мировой суди судяси Трембачёва Смоленск вилоятидан Москвага келиб, қурилишда ишлаб юрган 20 яшар Владислав Валуевни Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 115 моддаси, 2 қисми “б,в” бандлари бўйича 300 соатлик мажбурий меҳнат ишларига жалб қилди ва 10 минг рубл миқдоридаги жаримага тортди. Суд уни “безорилик майли билан енгил тан жароҳати” етказганликда айбдор топди.
Майда безорилик деб судя Валуевнинг тожикистонлик таксичи Абдулҳаким Кенжаевга 6 маротаба пичоқ урганликни баҳолади.
Судя Трембачёва ўз қарорини муҳожир Кенжаев Владислав Валуевга ҳам тан жароҳати етказгани билан изоҳлашга уринди.
Суд ҳакамининг яшин тезлигида ишни кўриб чиқиши ва ҳукм чиқариши кўплаб кузатувчилар норозилигига сабаб бўлмоқда.
Абдулҳаким судда сақич чайнаб ўтирган Владислав Валуев ўз қилмиши учун енгил жазо олишига бошидан ишонганини Озодликка айтади.
Уч фарзанднинг отаси бўлган Абдулҳаким охири оқибат ўзи айбдор бўлиб қолмаганидан хурсандлигини киноя қилди:
- Охири оқибат у ҳақ, биз ноҳақ бўлиб чиқдик. Уни қўйиб юборишди, 10 минг рубл “маънавий зарар” жарима солишди, тамом! “Хоҳласанг, 5-10 минг рубл беради”, деган гап қилишди.
- Сизга неча маротаба пичоқ солганди у?
- Олти маротаба. Москвада даволандим бир ҳафта, уйдагилар хавотир олганидан кейин уйда уч ҳафта даволандим. Жами 1 ой кетди даволанишга. Самолётга билетимнинг ўзи 30 мингдан ошганди. Энди бошқа ерга мурожаат қиламиз-да... Буларни тушуниб бўлмайди – судяни айтган гапи мутлақо тўғри келмайди ҳақиқатга, деди Абдулҳаким.
Абдулҳаким Кенжаевга бўлган ҳужум ҳақида Озодлик олдинроқ хабар берганди.
2017 йилнинг 5 февралида Тожикистоннинг Ёвон туманилик Абдулҳаким Кенжаев Москванинг Строгино туманига ўз автомашинасида олиб бориб қўйган шахс томонидан ҳужумга учраган эди.
Жиноятчи Валуевни у ўзи ушлаб, ҳодиса жойида полицияга топширганди.
Шифохонада Абдуҳаким пешонасидан, жағидан, елкасидан, қўлидан ва бўйнидан пичоқлангани аниқланган.
Озодлик билан суҳбатлашган Кенжаевнинг суддаги ҳимоячиси, “Гражданлик кўмак” ташкилоти адвокати Магомедшомил Шабанов тергов бошидан маҳаллий рус йигити тарафини олиб келгани ва судга “енгил тан жароҳати етказиш” моддаси асосида белгиланганини сўзлади.
- Мен судга унинг жароҳатлари юзасидан қайта экспертиза тайинлаш зарурлигини билдириб даво киритган эдим - судя уни ҳам қабул қилмади. Ваҳоланки, Кенжаевга етказилган жароҳатлар экспертизаси унинг йўқлигида қилинган! Шунинг ўзи объектив қарор чиқарилишини шубҳа остига қўяди. “Сизнинг Кенжаевга нисбатан бу ҳаракатларингиз нима билан асосланган эди?” дея берган саволимга, Валуев суд олдида очиқчасига “Мен уларни - ўзбек ва тожикларни ёмон кўраман!”, дегани ҳам суднинг эътиборидан ташқарида қолди. Биз суднинг бу қарори устидан албатта юқори идораларга арз қиламиз ва жиноятчига адолатли жазо тайинланишини талаб қиламиз, деди адвокат Магомедшомил Шабанов.
Суҳбатдош ўзбек муҳожирини ўлдирмоқчи бўлган Владислав Валуев 2012 йилда бир нечта майда безорилик, ўғрилик ва бошқа жиноятлар бўйича жавобгарликка тортилгани, бироқ суд ўшанда ҳам унга шартли жазо тайинлангани аниқланганини билдирди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди