8 июль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигида ўтган йиғилишда чиқиш визасини бекор қилиш масаласи муҳокама қилинди.
“Ўзбекистон фуқароларининг чиқиш визаларини олиш билан боғлиқ кўп сонли муаммолари борасида турли вариантлар, хатто уларни тўлиқ бекор қилиниш ҳақида мулоҳазалар билдирилди”, дея хабар қилинди Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида.
Вазирлик хабарига кўра, Абдулазиз Комилов билан ўтган тўғридан-тўғри мулоқот пайти мурожаат қилганларнинг 9,5% чиқиш визаси билан боғлиқ муаммоларни кўтарган.
Ўзбекистон ҳукумати жорий йил январида “чиқиш визасини” бекор қилиш режасини эълон қилди.
Режага кўра, мутасадди органлар жорий йилнинг учинчи чорагигача мазкур масала юзасидан таклиф киритиши керак.
Лойиҳага кўра, ички ва хорижга чиқиш паспортларини бериш тартибини жорий қилган ҳолда хорижга чиқиш учун рухсатнома (стикер) расмийлаштириш тартибини бекор қилиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, алоҳида асослар бўйича хорижга чиқиш ҳуқуқини суд томонидан чеклаш тартибини киритиш таклиф қилинган.
Ўзбекистон ўз фуқаролари учун “чиқиш визаси” аталмиш рухсат бериш тизими сақланиб қолган саноқли мамлакатдан биридир.