Нарх-навони назорат қилувчи жамғарма ташкил этилди

Самарқанддаги Сиёб бозори.

Ўзбекистонда нарх-навони барқарорлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасининг маълум қилишича, “Республика аҳолисини ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг асосий турлари билан ишончли таъминлашга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлари тўғрисида”, деб номланган қарор президент томонидан 23 июнь куни имзоланган.

Қарорда белгиланишича, мазкур жамғарма Молия вазирлиги томонидан бериладиган 100 миллион доллар миқдоридаги бирламчи бадал ҳисобидан шакллантирилади.

"Жамғарма маблағлари биринчи навбатда, гўшт, ўсимлик ва ҳайвон ёғи, ғалла, ун, картошка, сабзи, бошпиёз каби бошқа муҳим ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларини ички бозордаги озиқ-овқат товарларига бўлган талаб ва таклифларнинг мавсумий ва жадал тебранишларини силлиқлаштиришга йўналтирилади", дейилади расмий шарҳда.

Жамғарма ҳисобидан импорт қилинадиган ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг асосий турлари 2018 йил 1 апрелигача божхона тўловларидан озод этилади.