Айрим бишкекликлар шаҳар масжидларида азон жуда баланд айтилаётгани ортидан уларнинг тинчлиги бузилаётгани ҳақида ҳукумат муассасаларига жамоавий тарзда аризалар ёзмоқдалар.
Масжидда азон жуда баланд айтилаётганидан норози бўлган бишкекликлардан бири:
-Арзиа ёзиб, кўчамиздагиларнинг ҳаммаси қўл қўйиб берган. Бироқ бу аризамизга шу кунгача жавоб йўқ. Энди кимга арзланишни ҳам билмай қолдик, -деб айтди.
Бишкекда янги очилган Маҳмуд ал Қашқарий масжидидан 200 метр узоқликда жойлашган хонадон эгаларидан бири ҳам азон қаттиқ айтилаётганидан зорланди:
-Биз масжиддан 200 метр узоқликда яшаймиз. Аммо овози худди қўшни хонадан эшитилгандек эшитилади. Бомдодга азон айтганида болаларимиз уйқуси қочиб ўрнидан туриб кетаяпти, кейин ухламай қўйяпти. Масжиднинг ён –атрофида яшайдиган одамлар эса ноиложликдан уйини сотиб кўчиб кетишаяпти, -деди бишкекликлардан бири.
Ҳукумат идораларига жамоа бўлиб ариза ёзаётган бишкекликларнинг айтишларича, жума намози кунлари маҳаллаларга машиналар тўлиб кетгани сабабли, ўт ўчирувчи ёки тез ёрдам машиналари манзилига ета олмаяпти.
Айни пайтда ўзини Муҳаммадали деб таништирган бишкеклик диндорлардан бири азон баланд эмас, паст айтилаяпти, деб ҳисоблайди.
-Аксинча, азон овози жуда паст эшитилади. Баъзан ишхонада азон овозини эшитмай ҳам қолаяпмиз. Азон айтаяптимикн, деб эшикка тез-тез чиқиб хабар олиб турамиз. Намозни ҳам соатга қараб ўқишга мажбур бўлиб қолаяпмиз, азон эшитилмаганидан. Менимча, азонни ҳамма эшитадиган қилиб айтиш керак, -деди Муҳаммадали.
Қирғизистон дин ишлари комиссиясининг маълум қилишича, сўнгги бир ой ичида азон баланд айтилаётганига норозилик билдирган ўнлаб одамлар имзолаган учта ариза келиб тушган.
-Азон одамларга ёқадиган қилиб айтилиши керак. Бу масалада муфтият билан масжидларда тушунтириш ишларини олиб бораяпмиз. Азон айтиш орқали бошқаларнинг тинчлигини бузмаслик ҳам ислом динининг фазилатларидан бири, -деган Қирғизистон дин ишлари комиссияси вакили Эсенгелди Жумакунов,
Қирғизистон муслмонлари идораси расмийси Расулбек Сариев эса аввал ҳам, ҳозир ҳам масжидларга азонни жуда баланд айтмаслик ҳақида кўрсатмалар берилганини айтди. Унга кўра, одамлар шикоят қилган масжидларда бу борада текширувлар ўтказилади.
-Бизга аризалар келганидан кейиноқ биз масжидларга бориб, имомлар билан суҳбат ўтказиб келганмиз. Агар бу масалада бизнинг тавсиямизга амал қилинмаётган бўлса, у ҳолда энди масжидларда текширувлар ўтказилади, -деди Расулбек Сариев.
Қирғизистон Дин ишлари бўйича комиссияси эса аризалар сони кўпайиб бораётганидан келиб чиқиб, азон айтиш тартиб-қоидалари муфтият ва бошқа мутахасислар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.
Масжидларда азон жуда баланд айтилаётгани ортидан аҳолининг тинчи бузилаётгани тўғрисидаги масала аввалроқ Қирғизистон парламентида ҳам муҳокама қилинган ва депутатлар азон айтиладиган овоз кучайтиргичларни назоратга олишни талаб қилган эдилар.
Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, Қирғизистон парламенти собиқ Совет Иттифоқи давлатлари орасида намозхоналарига эга бўлган ягона парламент ҳисобланади. Депутатларнинг кўчпилиги намоз ўқийди.
Лекин шунга қарамай, депутатлар кечки соат 7дан кундузги соат 11 гача жамоатчилик оромини ва тинчини бузадиган шовқин-суронлар тақиқланиши ва азон айтиладиган овоз кучайтиргичларнинг баландлиги 40 дицибеллдан ошмаслиги шартлигини таъкидланган эдилар.