Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида Ислом Каримов вафотидан сўнг ўтказилган энг юқори даражали сиëсий сўзлашувларда Ўзбекистондаги демократия¸ инсон ҳақлари вазияти муҳокама қилинди.
Бу ҳақда ўзаро учрашувдан сўнг ЕИнинг жорий президенти¸ Эстония Ташқи ишлар вазири Свен Миксер ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида баëнот берди:
- Биз 2005 йилги воқеаларни бу учрашувда муҳокама қилганимиз йўқ. Аммо бу биз нозик масалаларни муҳокама қилишдан тийилдик¸ дегани эмас. Учрашувда инсон ҳақлари¸ фундаментал эркинликлар ва қонун устиворлиги каби мавзуларда обдон гаплашдик¸ деди ЕИ расмийси жумладан.
Тошкент дипломатлари раҳбари ҳам¸ ўз эстониялик ҳамкасби баëнотини қувватлаб:
- 2005 йилги Андижон воқеаларини муҳокама қилмадик. Биз бу воқеалар юзасидан кенг кўламли ва чуқур тергов ўтказганмиз. Ҳозиргача бу воқеаларга оид савол берган ҳамкорларимизнинг ҳаммасига ҳар томонлама қаноатланарлик жавоб бериб бўлинган¸ деди жумладан.
ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида 17 июль куни бўлиб ўтган сиëсий сўзлашувларда ўзаро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга оид келишувга эришилди.