Адвокат: ФСБ Аброр Азимовни қийноқ тўғрисидаги баёнотидан воз кечишга мажбурлади

Санкт –Петербург метросидаги террор бўйича айбланиб қамоққа олинган Аброр Азимов.

Санкт –Петербург метросидаги террор бўйича айбланиб қамоққа олинган Аброр Азимовнинг адвокати Дмитрий Динзе Федерал Тергов бюроси ходимлари Азимовни қийноқлар тўғрисидаги баёнотидан воз кечишга мажбур қилгани тўғрисида билдирди.

Аввалроқ Аброр Азимов ФСБнинг “махфий қамоғи”да қийноқларга солингани тўғрисида адвокати орқали жамоатчиликка маълум қилган эди. Динзега кўра, ФСБ ходимлари, аризани қайтариб олмаса Азимовнинг қариндошларини “жисмоний жиҳатдан жазолашлари” билан қўрқитганлар.

Ака –ука Аброр ва Акром Азимовлар қўлга олинганларидан сўнг қийноқларга солинганлари ва ўзларига билдирилган айбловларни тан олишга қийноқлар остида мажбур бўлганларини адвокати орқали жамоатчиликка 25 июль куни билдирган эди.

Айбланувчиларнинг отаси Аҳрор Азимов 25 июлда Москвада ўтган матбуот анжуманида фарзандларига нисбатан жиноят ишлари соҳталаштирилгани тўғрисида гапирган эди.

Акром ва Аброр Азимовлар шу йилнинг 17 ва 19 апрель кунлари Россия Федерал хавфсизлик хизмати томонидан Петербург метросидаги портлаш ташкилотчиси сифатида гумонланиб қўлга олинган.​

Ўшда туғилиб-ўсган ва Россия ватандошлигига эга бўлган ака-ука Аброр ва Акром Азимовларга нисбатан расман террорчилик ва қурол сақлаш айблари қўйилган.

3 апрель куни содир этилган Петербург метросидаги портлашда 14 одам ҳалок бўлган ва 50 одам яраланган эди.