Ўзбекистондаги барча олийгоҳларда бугун қабул имтиҳонлари бўлиб ўтади. Кун.uz нашрининг билдиришича, бу йилги имтиҳонларда шаффофликни таъминлаш чоралари кучайтирилган.
Нашрнигнг ёзишича, жумладан, Юридик университетда ўтказилаётган тест имтихоналари сайтда жонли эфирда намойиш этилади.
“Имтиҳонлар учун «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуасининг 6 та биноси ажратилган. Бу биноларга ота-оналарнинг кузатиши, хавфсизлик ва бошқа мақсадларда кўплаб камералар билан ўрнатилган. «Ўзтелеком» АК бош-қош бўлиб интернетга уланган ўша камераларнинг 20 тасидан тасвирлар «Кун.uz» ижодий гуруҳи ҳамкорлигида ўқувчиларимиз эътиборига ҳавола этиб турилади”, дейилади хабарда.
Аввалроқ Озодлик радиоси расмий маълумотларга таянган ҳолда олийгоҳларига жорий йилда 729 минг 947 абитуриент ҳужжат топширгани тўғрисида хабар берган эди.
Олий таълим вазирлиги маълумотига қараганда, республика бўйича 59та олий таълим муассасаси ва уларнинг 12та филиалларидаги ҳар бир ўринга 10.9 абитуриент тўғри келмоқда.
2016 йилда 663 минг 304 абитуриент олийгоҳларга ҳужжат топширган эди. Ўшанда олийгоҳлар сони бир нечтага оз бўлгани учун ҳар бир ўринга 11,5 талабгор тўғри келган.