Вашингтон Россия ва Хитойни Шимолий Кореянинг ядровий режаларига тўсқинлик қилишда етарлича ёрдам бермаётганликда айблаши ортидан, Москва ва Пекин АҚШ расмийларига жавоб қайтарди.
Дам олиш кунлари Шимолий Корея қитъалараро баллистик ракетани (ҚБР) синовдан ўтказган эди. Бунинг ортидан АҚШ президенти Дональд Трамп Хитойни Қўшма Штатларга Шимолий Корея билан низони ҳал этишда “ҳеч қандай” ёрдам бермаётганликда айблаганди.
АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон эса Хитой ва Россияни Шимолий Корея билан савдо ҳамкорлигини давом эттираётгани учун танқид қилди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги 31 июль кунги “АҚШ ва бошқа бир неча давлатнинг жавобгарликни Россия ва Хитойга юклаб, Москва ва Пекинни [Пхеньяннинг] ракета ва ядровий режаларига кўмаклашишда айблашга қаратилган уринишларини асоссиз, деб биламиз”, деийлган.
Хитой ҳам АҚШ айбловларини танқид қилиб, ҳозирда кескинлашиб бораётган тангликлар учун Вашингтон билан Пхеньян айбдор эканлигини таъкидлади.
Хитойнинг БМТдаги элчиси Лю Цзеи: “Хитой қанчалик қудратли эканлигидан қатъи назар, унинг ҳаракатлари амалий натижаларга олиб кела олмайди, чунки [натижага эришиш] ҳар икки асосий тарафга боғлиқдир”, деди.
Лю АҚШ ҳарбий чоралардан воз кечмай ҳамда Жанубий Кореяга ракеталарга қарши тизимларни ўрнатиб, минтақа хавфсизлигига таҳдид солаётганини, бунга жавобан Шимолий Корея ўз синовларини тўхтатмаётганини айтди.
Трамп маъмурияти Шимолий Кореяга қарши бир тарафлама санкция жорий қилиб, Хитойни ўз таъсиридан фойдаланиб, Пхеньянга босим ўтказишга чорлаб келади. Оқ уй, шунингдек, Шимолий Кореянинг АҚШ ва унинг ҳамкорларига солаётгани таҳдидини тўхтатиш учун ҳарбий амалиёт ўтказишга тайёр эканлигини билдириб келади.
Хитой эса, ҳар икки тарафни ҳарбий тўқнашув олдини олишга чақириб келади. Пекин бунинг учун Шимолий Корея ўз синовларини тўхатиши, АҚШ эса минтақада ҳарбий машқ ўтказишни ва у ерга аскар юборишни тўхтатиши керак, деб ҳисоблайди.
30 июль АҚШ президенти Дональд Трамп ҳамда Япония бош вазири Синзо Абэ телефон орқали суҳбатлашиб, Шимолий Кореянинг баллистик ракеталар дастурини “жиддий ва ўсиб бораётган таҳдид”, деб атади.
Суҳбат ортидан журналистлар билан учрашган Япония бош вазири: “Халқаро ҳамжамият, жумладан, Россия ва Хитой бу масалани жиддий қабул қилиб, [Шимолий Кореяга] босимни ошириши керак”, деди.