Тожикистонда Сурияда “Ислом давлати” гуруҳига қўшилган милиция махсус отрядининг собиқ қўмондони, полковник Гулмурод Ҳалимовга тиббий ёрдам кўрсатганликда айбланган шифокор 13 йилга қамалди.
Душанбенинг Исмоил Самоний туман суди 1 август куни шифокор Маҳмуд Маҳмадиев “Ислом давлати” гуруҳига ёлланганликда айбдор деб топилгани ҳақида хабар берди. Шифокорга нисбатан суд жараёни қачон ўтказилгани ва ҳукм қайси куни чиқарилгани тўғрисида маълумот очиқланмади.
Маҳмадиев 2016 йилда Туркияда қўлга олинган ва шу йилнинг мартида Тожикистонга экстрадиция қилинган эди.
Тергов материалларига қараганда, Маҳмадиев 2015 йилда “Ислом давлати”га ёлланган ва Ҳалимовга мунтазам равишда тиббий ёрдам кўрсатиб келган.
Ҳалимов 2015 йилнинг майида Интернет орқали “Ислом давлати” гуруҳига қўшилганини эълон қилган эди.
Тожикистон Ҳалимовни халқаро қидирувга берган. АҚШ эса Ҳалимовнинг қаерда экани тўғрисида маълумот берганларга 3 миллион доллар миқдорида мукофт белгиланганини маълум қилган.
Ҳалимовнинг жангларда ўлдирилгани тўғрисида аввалроқ хабарлар тарқатилган эди. Бироқ Тожикистон ҳукумати бу хабарларни инкор этиб, Ҳалимовнинг тирик эканига ишонилишини билдирган.