Ўзбекистонда 466 минг нафар 9-синф битирувчисидан 352 минг нафари 10-синфда, 114 минг нафари академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқишни давом эттириш ниятида экани аниқланди
Бу маълумот президент Мирзиёев 2 август куни ўткизган видеоселектор йиғилишида эълон қилинди.
11 йиллик таълимни жорий этиш масаласига бағишланган йиғилишда 20 августгача барча ҳудудларда 10-синфларни ташкил этиш жараёнини якунлаш тўғрисида топшириқ берилди.
Мирзиёвга кўра, коллежларнинг бўшаган бинолари базасида касб-ҳунарга ўргатиш комплекслари жорий этилади. Бу ерда 10-11-синф ўқувчиларига 50та касбга ўргатилади. 11-синфни битирган ўқувчига аттестат билан бир қаторда муайян касбни эгаллагани тўғрисида диплом ҳам берилади.
Президент видеоселектор йиғилишида коллежлар ёпилган тақдирда ҳам ўқитувчиларни ишсиз қолдирмаслик тўғрисида ваъда берди:
-Ҳамма билсин, коллежлардан бўшаган ўқитувчилар юз фоиз иш билан таъминланади. Мактабга бормаса, бошқа жойга ишга оламиз. Ўқитувчиларни норози қилманглар, улар бизга керак, -деди Мирзиёев.