Шимолий Корея БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан жорий этилган янги санкцияларга қарамай, ракета синовларини ва ядровий дастурини давом эттиришини маълум қилди.
Бу ҳақда 7 авнгуст куни Филлипин пойтахти Манилада ўтаётган Жануби-Шарқий Осиё давлатлари Ассоциацияси – АСЕАН форумида Шимолий Корея вакили Бан Кван Хюк баёнот берди:
-Биз ўзимизнинг ядровий ва баллистик ракеталаримизни яратаётганимизни тасдиқлаймиз. Биз ядровий ва ракета дастуримизни музокаралар воситасига айлантирамиз ҳамда ядровий арсеналимизни мустаҳкамлашда давом этамиз, - деди Шимолий Корея расмийси.
6 август куни АСЕАН форуми доирасида Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Шимолий Корея раҳбариятига БМТ қарорини босиқлик билан баҳолашни ҳамда минтақадаги вазиятни кескинлаштирмаслик учун ракета синовларини тўхтатишни тавсия қилганини айтган эди.
Бугунги кунда Шимолий Кореянинг асосий қўлловчиси Хитой ва Россия бўлиб қолмоқда.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши Шимолий Корея янги ракета синовларини ўткизгани ортидан 5 август куни янги санкцияларни жорий этган эди.