Хорижлик ўзбеклар Мирзиёевдан "кирилл алифбосига ўтмаслик"ни илтимос қилмоқда

Хорижлик ўзбеклар Ўзбекистон президентидан лотин алифбосини яна қайта кирилл алифбосига алмаштирмасликни илтимос қилмоқда.

Facebook ижтимоий тармоғидаги "Ўзбекистонда туғилмаган ўзбеклар" гуруҳи аъзолари томонидан президент Шавкат Мирзиёевга йўлланган очиқ хатда лотин алифбоси дунёнинг кўплаб мамлакатларида яшаётган миллионлаб ўзбекларни маънавий ватан билан қайта боғлагани таъкидланади.

Мактубни Афғонистон, Покистон, Туркия, Қирғизистон ва Қозоғистонда яшаётган 17 одам имзолаган.

“Биз Ўзбекистонда туғилмаган ўзбеклар куни кеча ўзбекистонлик бир адабиётшунос "кирилл ёзувига қайтайлик" деган очиқ хатни сизнинг қабулхонангизга юборганини эшитиб, ҳақиқатан яна маънавий алоқамиз узилади деган хавотирга бордик”, дейилади макутбда.

Бугунги кунда Ўзбекистондан ташқарида 20 миллион ўзбек яшаётганини таъкидлаган очиқ хат муаллифлари, кирилл алифбосига ўтилиши ортидан мазкур ўзбеклар Ўзбекистонlдан маънавий ва маданий жиҳатдан ажралиб қолишлари мумкинлигидан хавотир билдирганлар.

“Шавкат Миромонович, сиздан ҳурмат ва адаб ила истаймизки, лотин алифбоси Ўзбекистонда ягона ёзув бўлсин, дунё ўзбеклари ила Ўзбекистон ўзбеклари орасидаги ришта узилмасин”, деб ёзилади очиқ хатда.