Суд биноларида аҳоли шикоятлари учун махсус қутилар ўрнатиш бошланди

Ўзбекистон суд биноларида аҳолининг судлар фаолияти билан боғлиқ шикоятлари учун махсус қутилар ўрнатилмоқда.

ЎзА миллий агентлигига кўра¸ 14 август куни Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди биносида намуна тарзида Мурожаат матни ва фуқароларнинг суд фаолиятига доир фикрлари учун махсус қути ўрнатилган.

Дастлабки қутининг ўрнатилиш тадбирида¸ агентликка кўра¸ Судьялар олий кенгаши, Судьялар ассоциацияси ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, судьялар иштирок этган.

Бундай қутиларни ўрнатиш ташаббуси Шавкат Мирзиёевнинг 13 июнь куни судьялар корпуси вакиллари билан учрашувда “судьялар фаолиятига халқнинг ўзи баҳо беради” дея қилган баëноти муносабати билан пайдо бўлган.

Мамлакатдаги ҳар бир суд биносига ўрнатиладиган бундай муҳрланган қутилар ойда бир марта президент девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати ва Судьялар олий кенгаши вакиллари иштирокида очилади.

Фуқароларнинг ушбу қутиларга ташлаган фикр-мулоҳазалари ўрганилиб, айтилишича¸ ҳар бир судьянинг фаолиятига холис ва адолатли баҳо беришга асос бўлади.