Қўшма Штатлар "Ислом давлати" гуруҳи эътиқод эркинлигига таҳдид қилишда давом этаётганини маълум қилди.
Давлат департаменти томонидан эълон қилинган Диний эркинликка оид йиллик янги ҳисоботда “Ислом давлати” гуруҳи турли диний ва этник гуруҳларга қарши зўрлаш, қул қилиш ва ўлдириш каби жиноятларни амалга ошираётгани таъкидланади.
Ҳисоботни тақдим қилиш маросимида давлат котиби Рекс Тиллерсон бу ҳақда гапирар экан:
-Ислом давлати ўзи назорат қилаётган ҳудудларда язидлар, насронийлар ва шиа мусулмонлар геноцид қилинаётгани учун жавобгардир, - деб айтди.
Давлат департаменти ҳисоботида диний эркинликлар энг кўп бузилаётган минтақалар Яқин шарқ, Осиё ва Африка экани айтилади.
Ҳисоботда Украина шарқида Россия томонидан қўллаб-қувватланаётган айримачилар назорат қилаётган ҳудудларда ҳам диний эркинликлар бузилиши ташвишланарли тус олгани таъкидланади.
Мазкур ҳисоботда йил сайин Ўзбекистон диний эркинликлар бўғилаётган давлат қаторида тилга олиб келинади.
АҚШдаги Халқаро диний эркинлик комиссиясининг 26 апрель куни эълон қилинган навбатдаги йиллик ҳисоботида Ўзбекистон дунёда диний эркинликлар вазияти энг ёмон бўлган давлатлар қаторидан 12 - марта жой олган эди.