Ўзбекистон қатор давлатлар учун виза тартибини енгиллаштирмоқчи

Самарқанд шаҳри ўзбекистонга келган сайёҳлар борадиган асосий манзиллардан бири.

Ўзбекистон ҳукумати 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб қатор давлатлар учун виза тартибини енгиллаштиришни режалаштирмоқда. Бу борада президент Мирзиёев “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни 16 август куни имзолади.

Қарорда таъкидланишича, хориж давлатлари ватандошлари учун виза тартибини енгиллаштириш ва соддалаштириш бўйича доимий ишчи гуруҳи ташкил этилади.

Мазкур гуруҳ хориж ватандошларига виза берилиши ва уларнинг Ўзбекистонда рўйхатдан ўтиши жараёнини енгиллаштирш бўйича чора-тадбирларни босқичма-босқич ишлаб чиқиши керак бўлади.

Бу ҳолатда виза тартибини енгиллаштириш назарда тутилган давлат билан Ўзбекистоннинг икки томонлама алоқаларининг динамикасига алоҳида эътибор қаратилади.

Қарорга асосан, ишчи гуруҳи тез орада 2018 йилнинг 1 январидан Ўзбекистонга бориш учун енгиллаштирилган виза олиш имконияти бўлган давлатлар ҳамда ватандошларига Ўзбекистондаги тарихий обидалар ва мозорларни зиёрат қилишни таклиф этиш мумкин бўлган мамлакатлар рўйхатини тақдим этиши лозим.

Қатор вазирликлар ва ташкилотларга Малайзия, Индонезия каби мамлакатлардан Ўзбекистонга сайёҳларни жалб этиш бўйича ҳаракатларни фаоллаштириш, жумладан, зарур реклама кампанияларини ўтказиш ҳамда чартер рейсларни уюштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Президент Мирзиёев бундан аввал ҳам сайёҳлик соҳасини рвиожлантиришга оид қарорни имзолаган эди. Жумладан, 2016 йилнинг 2 декабрь куни "Ўзбекистон Республикаси сайёҳлик соҳасини ривожлантиришни тезлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор қабул қилинган.

Мазкур қарорга асосан 2017 йил 1 апрелидан бошлаб 15 давлат сайёҳлари ва 12 мамлакатнинг 55 ёшдан ошган сайёҳлари учун виза тартиби бекор қилиниши лозим эди.

Бироқ Мирзиёев 9 январь кунги фармони билан "Ўзбекистон Республикаси сайёҳлик соҳасини ривожлантиришни тезлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги аввалги қарори ижросини беш йилга кечиктирди.

Бунинг сабаби сифатида қарорга берилган қисқа изоҳда "хорижлик сайёҳлар ва ўзбекистонликлар ҳаёти хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлаш" билан боғлиқ хавотирлар тилга олинган.

Ижроси кечиктирилган қарорда¸ 2017 йилнинг 1 апрелидан Австралия, Австрия, Буюк Британия, Германия, Дания, Испания, Италия, Канада, Люксембург, Нидерландия, Корея Республикаси, Сингапур, Финляндия, Швейцария ва Япония ватандошлари Ўзбекистонга визасиз кириши кўзда тутилган эди.

Айни пайтда¸ Бельгия Қироллиги, Индонезия, ХХР (сайёҳлик гуруҳлари таркибида), Малайзия, АҚШ, Вьетнам, Исроил, Польша, Венгрия, Португалия ва Чехиянинг 55 ёшдан ошган фуқаролари¸ Ўзбекистонга кириш пунктларида 50 долларлик йиғимни тўлаб¸ мамлакат ҳудудида 30 кунгача сайëҳат қилиш имконига эга бўлиши мумкин эди.