Бир оиланинг уч аъзосини чавақлаб кетган собиқ маҳкум қидирилмоқда

Милиция қотилликни содир этган деб гумон қилинаётган номаълум шахснинг суратини ҳам эълон қилди ва уни кўрган-билганлардан маълумот истамоқда.

Тошкент вилояти милицияси вилоятнинг Зангиота туманида бир оиланинг уч аъзосини пичоқлаб ўлдиргани гумонланаётган 38 ёшли М. М. исмли собиқ маҳкумни қидирмоқда. Қурбонлар яқинларига кўра, 14 август куни номаълум шахс Зангиота тумани Назарбек маҳалласининг Тарнов дахасида яшовчи 79 ёшли отахон Маъруф Комиловнинг уйига қамоқдаги ўғлидан хабар олиб келган бўлиб, меҳмон бўлиб қолган ва ярим тунда отахон, унинг 64 ёшли ногирон синглиси Шаходат ва 49 ёшли қизи Шарифани бўғизлаган.

Милиция оёққа турган

Тошкент вилояти Зангиота тумани Ички ишлар бўлими мулозими Озодлик билан суҳбатда қотилни шахси аниқланганини билдирди.

ИИБ мулозимига кўра, қароқчилик ва қотиллик бўйича қамалиб, яқинда озодликка чиққан 38 ёшли М. М. (исми Озодликка маълум) Зангиотадаги мудҳиш қотилликда гумонланиб, қидирилмоқда.

У нима мақсадда бу ишга қўл ургани номаълум бўлиб қолаётгани номаълум.

- Ҳозир у қидириляпти, бутун вилоят милицияси оёққа турган, - деди вилоят ИИБсининг мулозими.

Милиция қотилликни содир этишда гумонланган М.Мнинг суратини ҳам эълон қилди ва уни кўрган-билганлардан маълумот истамоқда.

Тошкент вилоят ИИБси мулозимининг маълум қилишича, М. М. марҳум Маъруф Камоловнинг қамоқдаги ўғли билан бир муддат Навоий вилоятидаги Зарафшон қамоқхонасида бирга жазо ўтаган.

Ҳозирда Тошкент вилояти прокуратураси жиноят кодексининг қотиллик банди бўйича жиноят иши очган.

Қотил меҳмон

Қотиллик қурбони бўлган оила яқинларидан бири Озодликка бўлиб ўтган воқеани гапириб берди.

- Маъруф тоғамизни ўғли 159-модда бўйича қамалган. Бу одам ўғлингиздан хабар олиб келдим, деб тоғамизни уйига кирган, чой ичиб, у билан узоқ суҳбат қуриб ўтирган. Тоғамиздан бир кун уйда тунаб қолишга рухсат сўраган. Тоғамлар жуда меҳмондўст бўлганлар, “майли бемалол қолаверинг”, деганлар. Ярим тунда бу малъун туриб ухлаб ётган отахонни бўғизлаб ўлдирган, ногирон Шаҳодат аммани ҳам, ялиниб ёлворишига қарамай, пичоқ билан сўйган, кейин отахонни қизлари Шарифани ҳам чавақлаган. 12 ёшли неваралари Солиҳа диванни тагига беркиниб олган, қотил уни топа олмаган ва Солиҳа уйдан тонг пайти чиқиб кетган, - деди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган аёл.

Ички ишлар ходимига кўра, ҳозирда 12 ёшли Солиҳа қотилликка ягона гувоҳ сифатида кўрсатма бермоқда.

Қотилнинг сурати ҳам унинг кўрсатмаси асосида тузилгани айтилмоқда.

М.М. қотилликни ўғирлик мақсадида қилган бўлиши мумкин, деган фаразлар ҳам бор.

- Чунки қотилликни қилиб, уйдаги тилла тақинчоқлар ва тоғамни йиғиб қўйган пулларини олиб чиқиб кетган, - деди марҳумнинг яқинларидан бири Озодликка.

Воқеа ривожини Озодликда кузатиб боринг.