Қирғизистонда президентликка номзодини кўрсатмоқчи бўлганларни рўйхатга олиш, уларни қирғиз тили имтиҳонидан ўтказиш жараёни якунланиб, номзод сифатида рўйхатга олинганларга расмий гувоҳномалар берила бошланди. Номзодлар расмий рўйхати 10 сентябрда эълон қилинади. Қирғизистонда президентлик сайлови 15 октябрда бўлиб ўтади. Бу икки сана ўртасида эса тарғибот ишлари ўтказилади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Сиёсий технологга юз минг доллар, журналистга 6 ойлик иш ҳақи
Президентликка номзод сифатида рўйхатга олиш илтимоси билан марказий сайлов комиссиясига 60 одам ариза топширган. Ҳозирча улдардан уч нафари – амалдаги бош вазир Сўўрўнбай Жээнбеков, "Ак Шумкар" партияси лидери Темир Сариев ва "Республика" партияси раҳбари Ўмурбек Бабанов расман президентликка номзод гувоҳномасига эга бўлди.
Кузатувчилар бу галги президентлик сайловида ўтган сайловларга қараганда номзодлар кўпроқ пул сарфлашларини, бу пуллар эвазига артистлар, журналистлар ва тарғиботчилар “бойиб қолишлари”ни айтмоқдалар.
Қирғизистонлик кузатувчиларнинг айтишларича, номзодларнинг энг бойлари ҳар доимгидай Россия ва бошқа хориж давлатларидан сиёсий технологларни олиб келадилар. Уларнинг бир ойлик иш ҳақи ўртача юз минг долларни ташкил қилади. Камбағалроқ номзодлар эса маҳаллий журналистлардан пиар мутахасис сифатида фойдаланади.
-Ёзнинг ўртасидан бошлаб менга таклифлар туша бошлади. Ёзувчиларни номзодларнинг штабларига тўплаб йиғилишлар ўтказишаяпти. Мен асосий ишимдан таътил олиб, номзодлар учун ишлаганман, албатта. Чунки ярим йилллик ойлигинги сайлов пайтида ошиб кетса бир ой ичида ишлаб топсанг бўлади, -деди сайловларда ишлаш бўйича катта тажрибага эга бўлган журналист Тинчтик Алтимишов.
Журналистлардан ташқари продакшн студиялар, телевидения, радио, газета ва журналлар ҳам сайлов пайтида номзодларнинг рекламаларидан бир неча ўн минглаб доллар фойда олиши кузатилган.
Артистларга камида 10 минг доллар гонорар
Машхур қизиқчи Бўрўнчу Қудайбергенов артистлар ҳам номзодлар ўртасида талош бўлаётганини айтди. Қизиқчининг айтишича, ҳар бир сайловдан сўнг артистлар қиз узатиб, ўғил уйлаб катта тўйларни қилиш имкониятларига эга бўладилар, машина ёки уйларни сотиб оладилар.
Маълумотларга кўра, бир санъаткор бир номзод фойдасига бир ой давомида тарғибот ишларини олиб боргани учун 10 минг доллардан 30 минг долларгача ҳақ олади. Халқ орасида ўта машҳур санъаткорларга эса “гонорар” сифатида қимматбаҳо машиналар ва уйлар берилади.
Қишлоқдаги тарғиботчи камида минг долларга ишлайди
Нориндаги қишлоқлардан бирида яшовчи Алмаз Исмаилов сайловлар пайтида оддий қишлоқ зиёлилари ҳам “фойда кўриб қолиши”ни айтади.
- Ҳозир менга ҳам таклифлар кўп келаяпти. Ким қанча пул берса, шунга яраша ишлаб берамиз. Мен кўп йиллардан бери сайловларда ишлаб келаман. Яхши ишласак, бир ойда камида минг доллар ҳақ оламиз, -деди тарғиботчи Алмаз Исмаилов.
Қирғизистонда 2015 йилда ўтган парламент сайловларида, Марказий сайлов комиссиясининг расмий маълумотларига қараганда,“Ўнугуу-Прогресс” партияси 112 миллион сўм, “Республика- Ата Журт” партияси 105 миллион сўм, Социал-демкоратлар партияси 103 миллион сўм маблағ сарфлаган.
Бу пулларни 2015 йилги курс билан долларга ўгирадиган бўлсак, ҳар бир сиёсий партия бир ойлик тарғибот ишлари учун ўртача 1 миллион 600 минг доллардан сарфлаганига гувоҳ бўламиз.
Қирғизистонда президентликка номзод сифатида рўйхатга олиниш илтимоси билан ариза берган 60 одамнинг 11 нафари сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлардир.