АҚШ махсус элчиси Минскда Россия расмийси билан учрашади

Курт Волкер Авдеевкада

Шарқий Украинадаги қуролли можарога чек қўйиш уринишлари бўйича АҚШнинг янги махсус элчиси этиб тайинланган Курт Волкер 21 август куни Минск шаҳрида Украина-Россия алоқаларини муҳокама қилиш учун Россия ҳукумати вакили билан учрашади.

8 август куни АҚШ Давлат департаменти Волкер Россия вакили билан "Россия билан Украина ўртасидаги алоқаларни" муҳокама қилишини билдирган эди.

Ҳозирча Россия вакили исми ошкор қилингани йўқ.

Ой бошида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон унга Волкер "яқин келажакда" Россиянинг Украина бўйича махсус элчиси Владислав Сурков билан учрашишини айтганини билдирган эди.

Волкернинг Минскдаги учрашуви Украина шарқида ҳукумат кучлари ва Россия дастаклаётган айирмачилар ўртасидаги можаро бўйича уч кунлик музокараларнинг бошланиши бўлади.

Украина шарқидаги можаро оқибатида 2014 йилнинг апрель ойидан бери 10 мингдан ошиқ одам ҳалок бўлди.

23 август куни Волкер Киевга бориб, АҚШ мудофаа вазири Жим Мэттис билан бирга "Украина суверенитетини ҳамда ҳудудий бирлигини тиклашга қаратилган дипломатик музокараларнинг навбатдаги қадамларини муҳокама қилиш учун" Украина ҳукуматининг юқори лавозимли расмийлари билан учрашади.

2014 йилнинг февралида Россия билан яқиндан алоқа қилиш тарафдори бўлган президент Виктор Якукович "Евромайдон" номини олган намойишлар ортидан ҳукуматдан ағдарилган, бунинг ортидан Россия Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиб, шарқий ва жанубий Украинада айирмачиларни дастаклай бошлаган эди.

Россия қўллови билан айирмачилар Украинанинг Россия билан чегарадош Донецк ҳамда Луганск вилоятларининг айрим ҳудудларини эгаллаб олди.

2015 йилнинг февралида Минскда ўт очишни тўхтатишга келишилган бўлса-да, тўқнашувлар тўхтагани йўқ.

АҚШ ҳамда Европа иттиқофи жорий қилган санкциялар Россияни айирмачиларни қўллашни бас қилишга ёки Минск келишуви бўйича ўз бўйнига олган мажбуриятларини бажаришга ундай олгани йўқ.

Тиллерсон АҚШнинг НАТОдаги собиқ элчиси Волкерни Украина бўйича махсус элчи этиб жорий йилнинг июль ойида тайинлаган.

Волкер июль ойида Current Time TV телеканилига берган интервьюсида "можарони тугатиш учун барча тарафлар икки асосий принцип – Украинанинг ҳудудий бирлиги, барчанинг хавфсизлиги" бўйича келишувга эришиши кераклигини ҳамда Россия ўз муносабатини ўзгартириши зарурлигини таъкидлаган эди.

Суҳбат давомида Волкер: "Трамп маъмурияти – янги маъмурият ҳозирда Обама маъмурияти бу ишни қаерда қолдирганини кўриб чиқмоқда, Украинага мудофаа учун қурол-аслаҳа бериш-бермаслик ҳақида ўйламоқда", деган эди.

Ҳозиргача АҚШ Украинага фақат леталь бўлмаган ёрдам кўрсатиб келади.

Россиянинг Украинадаги агрессияси, Суриядаги уруш ҳамда Москванинг АҚШ президентлик сайловига аралашуви ортидан Вашингтон ва Москва ўртасидаги алоқалар Совуқ уруш йилларидагидек совуб кетган.