БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал Ҳусайн БМТнинг Ўзбекистондаги собиқ ходими Эркин Мусаев қамоқдан озод этилганини олқишлади. Мусаев 11 август куни қамоқдан чиқарилган эди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси расмий сайтида 22 август куни эълон қилинган пресс-релизида айтилишича, Зайд Раад ал Ҳусайн май ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган вақтида президент Шавкат Мирзиёев билан Эркин Мусаевни озод қилиш масаласини ҳам муҳокама қилган эди.
Пресс-релизда Олий комиссар "Ўзбекистон раҳбариятини қолган барча сиёсий маҳбусларни имкони борича тезроқ озод этиш"га чақирди.
Эркин Мусаевнинг озод қилинишини Human Rights Watch ва Amnesty International каби халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари ҳам ижобий қарши олган.
Мудофаа вазирлиги Ташқи иқтисодий алоқалар бош бошқармасининг собиқ бошлиғи, подполковник Мусаев 2006 йилда давлатга хоинлик қилиш ва жосусликда айбланиб 15 йилга қамалганди.
Мусаев БМТ агентлигида ишлаётган пайтида жосуслик ва БМТ маблағини суистеъмол қилишда айбланиб қўлга олинган, унинг ўзи эса бу айбловларни тўла рад этганди.