Исроил бош вазири Эроннинг таъсири кучайиб бораётганидан ташвиш билдирди

Нетеняҳу 23 август куни Сочида Путин билан учрашди.

Исроил бош вазири Бинямин Нетеняҳу “Эроннинг Суриядаги ҳарбий иштироки кўпайтирилиши Исроилга, Яқин Шарққа ва бутун дунёга таҳдид туғдиради”, деб билдирди.

У бу гапни 23 август куни Россия президенти Владимир Путин билан Сочида бўлиб ўтган учрашув чоғида айтди.

"Ҳамкорликдаги ҳаракатлар билан “Ислом давлати” гуруҳини йўқ қилаяпмиз. Бу жуда муҳим. Ёмон томони жанггарилардан озод қилинган ҳудудларга Эроннинг кириб келаётгани”, деди Нетеняҳу.

Исроил бош вазирига кўра, Эрон Ироқ ва Яманни тўла ўз назоратига олишига яқин қолган, Теҳроннинг Ливанга таъсири ҳам кучайган.

Эрон ҳукумати Исроил бош вазирининг бу баёнотига ҳозирча муносабат билдиргани йўқ.

Сурияда 7 йилдан бери давом этаётган урушда Эрон Россия билан ҳамкорликда президент Башар Ассадни қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Исроил бош вазири ва Россия президенти 2015 йилнинг сентябридан бери 6 марта учрашди.