Қатар Эрон билан дипломатик алоқаларни тўлиқ тиклади

Қатар ташқи ишлар вазири Шайх Муҳаммад ибн Абдулраҳмон ат-Тани.

24 август куни Қатар Саудия Арабистони ва бошқа бир неча араб давлатининг Теҳрон билан алоқаларни узишга қаратилган чақириқларига қарамасдан, Эрон билан дипломатик алоқаларини тўлиқ тиклади.

Қатар Ташқи ишлар вазирлигига кўра, бу мамлакат элчиси Теҳронга қайтади.

Бундан 20 ой аввал Саудия Арабистонида таниқли шиа уламо қатл этилган, бунинг ортидан Теҳронда Саудия Арабистони элчихонасига ҳужум қилинган эди.

Вазирлик билдирувида ёзилишича, мамлакат ташқи ишлар вазири Шайх Муҳаммад ибн Абдулраҳмон ат-Тани ҳамкасби Жавад Зариф билан икки давлат ўртасидаги алоқаларни муҳокама қилган.

Июнь ойида Араб давлатлари Қатарни террорчиларни молиялаштирганликда айблаб, дипломатик алоқаларни узиб қўйганидан бери Эрон бу мамлакатни яқиндан қўллаб келади.