Россияда севгилиси ва унинг онасини пичоқлаб ўлдирган ўзбекистонлик 17 йилга қамалди

2016 йилнинг 6 августда Обнинск шаҳрида содир этилган қотилликдан сўнг эълон қилинган расмий фотосурат.

Россиянинг Калуга вилояти Обнинск шаҳрида ўз ватандоши бўлган севгилиси ва унинг онасини ўлдирганликда айбланган ўзбекистонлик йигит суд ҳукми билан 17 йилга қамалди.

Новости агентлигининг 24 августда билдиришича, суд 25 ёшли ўзбекистонлик “севгилисига 24 марта, унинг онасига 29 марта пичоқ уриб ўлдиргани” тергов томонидан тўлиқ исботланган, деб топди.

Озодлик радиоси 2016 йилнинг 6 августда Обнинск шаҳрида ўзбекистонлик йигит ҳомиладор севгилиси ва унинг онасини пичоқлаб ўлдирганликда гумонланиб қўлга олингани тўғрисида хабар берган эди.

Фожеа қизнинг онаси ва бўлажак куёв орасида чиққан даҳанаки жанжал ортидан бошланган. Ўзбекистонлик муҳожир, жаҳл устида, пичоқ билан аввал қизнинг онасини, кейин уларни ажратишга уринган севгилисини пичоқлаб ташлаган.

“Суд жараёнида судланувчи қиз ва аёлни пичоқлаганини рад этгани йўқ, бироқ у бу ишни она қизининг йигит билан алоқаларига қарши бўлгани ва йигитни ҳақоратлагани оқибатида аффект ҳолатига тушиб қолгани ортидан қилганини билдирди”, дейилади Новости агентлиги хабарида.