Тўйтепадан нарига ўтолмаган сенаторлар ўзбекни Тўйтепасиз қолдирди (Блог)

Бугун эрталаб Интернетга кирибоқ, “дод” девордим. Чиндан ҳам овоз чиқариб “дод” дедим. Нимаймиш, 25 август куни Олий Мажлис Сенати Тўйтепа шаҳрини Нурафшон шаҳри, деб ўзгартирибдиймиш.

Сенаторлар мажлисни бошлабдилару дарҳол енг шимариб Тўйтепани Нурафшонга айлантиришибди.

Ҳаёт-мамот масаласи бўлса керакда, бу масала?!

Тўйтепа деган номда нур озроқ бўлса керакда?!

Ёки ўзбекнинг чистоплюй сенаторларига Тўйтепа қишлоқича ном кўриндими?

Қайдан пайдо бўлди бу ўб-ўзбекча номни ўзгартириш?

Целиноградни Остона қилишди. Буни тушуниш-тушунтириш мумкин.

Фрунзени Бишкек қилишди - тушуниш-тушунтириш мумкин.

Ўратепани Истаравшан қилишди, ҳатто буниям тушуниш-тушунтириш мумкин.

Лекин Тўйтепани Нурафшон қилишга нима зарурат борийди?!

Ахир ТЎЙтепа, АЗАтепа эмасдику?!

Ҳатто Азатепа бўлгандаям, у аждодлардан қолган номку?! 4 кунлик сенаторнинг нима ҳақи бор ўзгартиришга?

Ўзбек сенаторлари ҳақида нималар дегим келаётганини айтмайман – Жиноят Кодексини ўқиганман.

Шунинг учун дейман:

ўқитувчи бўлсам, сенаторларга бугун “икки” қўйган бўлардим;

дўхтир бўлсам, игнанинг энг каттасини санчган бўлардим;

йўл инспектори бўлсам, правасини олиб қўйган бўлардим;

ошпаз бўлсам уч кун олдинги овқатни берган бўлардим…

Токи улар “икки”ни ўнглаш билан, оғриган думбасига муз қўйиш билан, янги права олишга югуриб-елиш билан, бузилган ошқозонини тузатиш билан машғул бўлиб қолишсин.

Бўлмаса, Тошкентниям номини ўзгартиришворади ўзбекнинг Тўйтепадан ўтолмаган сенаторлари.