Қурбон ҳайити муносабати билан пойтахт Тошкентда жамоат транспорти эрталабки соат 04:00 дан бошлаб ишлай бошлайди.
“Ушбу қарор аҳолига қулайлик яратиш мақсадида қабул қилинди”, деб хабар берди "Ўзбекистон24" телеканали.
Қурбон ҳайити Ўзбекистонда 1 сентябрь куни нишонланади. Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёевнинг 24 августдаги қарорига асосан 1 сентябрь дам олиш куни деб эълон қилинди.
Қарорда ҳар доимгидай "Нуроний", "Маҳалла" жамғармалари ва бошқа мутасадди идораларга Қурбон ҳайит кунини "миллий қадриятларига мос равишда ўтиши учун тегишли тадбирларни амалга ошириш" ҳақида кўрсатма берилган.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Қурбон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилган.