Жорий йил март ойида президенти матбуот хизмати раҳбари лавозимига тайинлапнган Асаджон Хўжаев ишдан олинди. Бу ҳақда Kun.uz ўз манбаларига таянган ҳолда 29 август куни маълум қилди.
Аввалроқ Podrobno.uz нашри 29 август куни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси Бобур Алихонов ҳам лавозимидан озод этилганини хабар қилганди. Бобур Алихонов бир ой олдин бу лавозимга тайинланган эди.
Шу билан сўнгги 8 ой ичида Миллий телерадиокомпанияда уч марта раис алмашди. Бунга қадар 2005 йилдан бери Миллий телерадиокомпанияни бошқариб келган Алишер Хўжаев ишдан олиниб, унинг ўрнига Хуршид Мирзоҳидов тайинланганди.
Хуршид Мирзоҳидов “Ўзбекистон 24” телеканалининг “Таҳлилнома” кўрсатувида Ислом Каримов сиёсати танқид қилиниб, Мирзиёев сиёсати мадҳ этилгани ортидан 2 август куни лавозимидан бўшатилган ва унинг ўрнига Бобур Алихонов тайинланган эди.
Хабарларда айтилишича, Бобур Алихонов ва Асаджон Хўжаевнинг ишдан бўшатилиши сабаблари ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда.
Бироқ Kun.uz нашрининг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, бу истеъфолар ўзаро боғлиқ бўлиб, икки раҳбар ҳам Самарқанд шаҳрида бошланган "Шарқ тароналари" фестивали ёритилишида йўл қўйилган камчиликлар туфайли ишдан олинган.