АҚШ президенти Дональд Трамп Шимолий Корея Японияга қарши ракета синовини ўтказганини қоралар экан: “Пхеньян ўз қўшниларига, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг барча аъзоларига ҳамда халқаро аҳлоқнинг минимал стандартларига нисбатан нафратини намойиш этмоқда”, деб айтди.
Аввалроқ Трамп ҳамда Япония бош вазири Синдзо Абэ Пхеньянга бўлган тазйиқни оширишга келишиб олгани хабар қилинган эди.
АҚШнинг БМТдаги элчиси Никки Хейли 29 август куни Хавфсизлик кенгашининг Шимолий Корея Японияга қарши ракета синови ўткизганини муҳокама қилиш учун чақирилган йиғилиши олдидан журналистларга "Пхеньянни ракета синовларини тўхтатишга мажбур қилиш керак", деб билдирди.
- Ҳеч бир мамлакат устидан 130 миллионлик Японияда бўлгани каби ракета учиб зтмаслиги керак. Шимолий Корея БМТ Хавфсизлик кенгашининг барча резолюцияларини бузди ва мен ўйлайманки, қандайдир бир жиддий воқеа юз беради, - деди Хейли.
Шимолий Корея 29 августга ўтар кечаси Японияга қарши қаратилган ракета синовини ўтказганини маълум қилган эди.
Япония расмийларига кўра, ракета Япон денгизида, Хоккайдо ороли яқинида портлаган.