Самарадаги автоҳалокатда ўзбекистонликлар ҳалок бўлгани тўғрисидаги маълумот тасдиқланмади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси Самара вилоятида юз берган автоҳалокатда Ўзбекистон ватандошлари ҳалок бўлгани тўғрисида Россия матбуотида пайдо бўлган хабарларни инкор этди.

Podrobno.uz нашрининг 30 августда хабар беришича, элчихона ўтказган текширув натижасида автоҳалокатда ўзбекистонликлар ҳалок бўлгани тасдиқланмади.

27 август куни Самара вилоятининг Волжский туманидаги Чернов сув омбори яқинида Lada Largus автомашинаси "КамАЗ" билан тўқнашгани оқибатида уч одам ҳалок бўлгани ва 4 одам жароҳатлангани хабар қилинган эди.

Элчихонанинг билдиришича, айни пайтда консулхона ходимлари жароҳат олганлар орасида ўзбекистонликлар бор ёки йўқлигини текширмоқда.

Россияда, жумладан, Саратовда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг автоҳалокатга йўлиқиши тез-тез юз бериб туради.

Саратов вилояти Озинский туманида 25 июлда юз берган автоҳалокатда 6 ўзбекистонлик жароҳатланган.

Саратов вилояти Петровский туманида 15 январга ўтар кечаси содир бўлган автоҳалокатда эса 7 меҳнат муҳожири, жумладан 2 ўзбекистонлик нобуд бўлган эди.

Жорий йилнинг 22 июн куни Қозоғистоннинг Чимкент шаҳридан Россиянинг Волгоградига 50 дан зиёд ўзбекистонлик муҳожир кетаётган автобус ағдарилиб кетган эди.

Оқтўбе вилоятининг Ойтекебий туманида содир бўлган бу авария оқибатида 9 нафар Ўзбекистон ватандоши ҳодиса жойида ҳалок бўлган, 17 нафар ўзбекистонлик ва бир нафар қозоғистонлик йўловчи касалхонага ётқизилган¸ 25 жароҳатланган йўловчига эса воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилганди.