Тошкентда Ислом Каримов ҳайкали тантанали равишда очилди

Оқсарой резиденцияси олдида ўрнатилган Ислом Каримов ҳайкали.Фотосурат муаллифи Шерзод Икрамутдинов.

Тошкентдаги Оқсарой резиденцияси олдида 31 август куни марҳум президент Ислом Каримов ҳайкалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тантанада президент Шавкат Мирзиёев, Ислом Каримовнинг беваси Татьяна Каримова, бош вазир Абдулла Арипов ва унинг ўринбосарлари, вазирликларнинг масъул раҳбарлари, парламент ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Шавкат Мирзиёев ва Татьяна Каримова ҳайкалнинг очилиш маросимида. Фотосурат муаллифи Шерзод Икрамутдинов.

Ҳайкал муаллифи Илҳом Жабборов бўлиб, у Ислом Каримов ҳайкалини яратиш бўйича халқаро танлов ғолиби бўлган эди. Мазкур танловда Ўзбекистон, Туркманистон, Украина, Жанубий Корея, Италия, Австралия ва Германиядан 58 нафар ҳайкалтарош иштирок этган ва жами 68та лойиҳа тақдим этилганди.

Ислом Каримов ҳайкали Самарқанднинг собиқ Йўлбарслар хиёбонига ҳам ўрнатилди. Ислом Каримов ҳайкалининг бўйи 5,8 метр бўлиб, 5,5 метр баландликдаги постаментга ўрнатилган.

Яқин кунларда Қашқадарё вилояти маркази Қарши шаҳрида ҳам Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатилиши кутилмоқда.