Ота-оналар фарзандларига мактаб формаси сотиб олишга мажбурланмоқда

Андижоннинг Пахтаобод туманида мактаблар ўқувчиларга янги мактаб формаларини сотиб олишниталаб қилмоқда. Мактаб раҳбарлари ота-оналарни чақиртириб, формани фақат мактабдан олишлари кераклигини уқтирган. Талабни рад қилганларнинг фарзандларига мактаб китоб бермаслиги ҳақида огоҳлантирган.

Пахтаобод туманида яшовчи тўрт фарзанднинг онаси Латофат опа мактаб формаси қимматлиги сабаб бу йилги ўқув йилида катта ўғил-қизларидан қолган формалар билан кичиқ фарзандларини кийинтирмоқчи эди.

Лекин, мактаб раҳбарияти ундан фарзандларига янги форма олиб беришни ва уларни фақат мактабдан сотиб олишни талаб қилган.

- “Аввал форма оласиз кейин китоб", деб шарт куйиляпти. Булар маҳаллий чеварларга формани арзон тиктириб, 150 минг сўмдан мажбурлаб сотиб, пул қилишяпти. Мени тўртта фарзандим бор, ҳар бирига форма сотиб олиб беришга қурбим етмайди, - дейди Латофат опа.

Озодлик мазкур холат юзасидан изоҳ сўраб Андижон валоят халқ таълими бошқармасига боғланганида телефон гўшагини кўтарган мулозим ҳар бир мактабнинг ўз ички тартиб-қоидалари борлиги ва уларни ҳар бир мактаб ота-оналар билан келишиб қабул қилишини айтди.

- Ўқувчилар қанақа формада келишини мактабларни ўзлари белгилайди. Масалан ўқувчи қора шимда келиши керак, деса сиз болага мовий рангда шим тиктириб берсангиз қоида бузилади. Бу масалани ота-оналар мактаблар билан ҳал қилиши керак. Агар форма ота-оналарга қимматроқ бўлаётган бўлса уларни 50 фоизини кредит ҳисобида тўлаш масаласи ҳам кўриляпти. Формани олаётган пайтда 50 фоизини, қолган қисмини ўқув йили давомида тўлаш тартиби ҳам муҳокама қилиняпти, - деди мулозим.

Ягона мактаб формаси

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган ой мамлакатда таълим соҳасига оид йиғинда сўзлаган нутқида мамлакатда ўқувчиларнинг мактаб формасини жорий этишни таклиф қилган эди.

"Бизнинг ўзбек менталилетини ҳисобга олган ҳолда, мактаблар ва коллежларга ягона форма жорий этиш лозим. Форма билан мактаб ўқувчисининг маънавий дунёси, маданияти, масъулияти ўзгаради. Бизнинг жамиятимизда ғариб ва бой кийинган мактаб ўқувчилари ўртасида келишмовчиликлар юзага келмоқда. Бу каби вазиятлар маънавиятни эмас, нафратни уйғотади. Айнан мана шу иллатни биз таг-томири билан суғуриб ташлашимиз керак", — деган эди Мирзиёев мамлакада таълим соҳасида ислоҳотларга бағишлаб ўтказилган йиғинда.

Мирзиёев шунингдек, ота-оналар болаларга кийим харид қилар экан, бу кийимлар аксарият ҳолларда сифатсиз материаллардан тикилаётганини қўшимча қилган.

"Оқибатда, аҳоли пулларни ҳавога совурмоқда. Айнан мана шу ҳолат мени умуман қониқтирмаяпти", — деган президент ва адолатли, тенг ҳуқуқли жамият қуриш кераклигини қўшимча қилган.

Ўзбекистонда мактаб формаси қандай бўлиши ва қачондан жорий этилиши маълум эмас.

Бир болани мактабга тайёрлаш 200 доллар бўляпти

Айни пайтда 2016-2017 ўқув йили яқинлашар экан аксар ота-оналарнинг ўй-ҳаёли шу кунларда мактаб ёшидаги фарзандларига ўқув қуроллари ва мактаб формаси сотиб олиш бўлиб қолмоқда.

Тошкентда яшовчи тўрт фарзанднинг онаси Машҳура опа ушбу ўқув йилида бир фарзандни мактабга узатиш учун, яъни кийим-бош, портфел, дафтар-қалам ва дарсликлар хариди учун 200 долларга қадар чиқим қилганини айтади.

- Ўртача сифат портфел 500 минг сўм. 800 минг сўмга ҳам бор. Мактаб формаси 200-300минг сўм атрофида. Битта форма билан иш битмайди. Камида учтани олиш керак. Бундан ташқари оёқ кийими бор, спорт кийими бор. Канцелярия ашёларини ўзи 500 минг сўмдан ошяпти. Мени ҳисобим бўйича, ҳали бунга кўп нарса кирмаган, бир болани мактабга тайёрлаш200 долларга тушяпти, - дейди Машҳура опа.

Бундан ташқари, ота-оналарни ўқиш бошланганидан сўнг бошқа харажатлар кутмоқда.

- Асосий харажат мактаб бошланганидан кейин бўлади-да. Мактабни таъмирлашдан тортиб, турли байрамларда ўқитувчилар учун совға-саломлар харид қилиш учун пул берилади. Умумий ҳисобда бу “ортиқча” харажатлар бир болага минг доллардан ошади. Шу пулни ҳам мактаб бошланмасидан жамғариб қўйиш керак бўлади, - дейди Машҳура опа.

Бу нархлар пойтахт Тошкентга тааллуқли.

Вилоятларда мактаб харажатлари камроқ, лекин оилаларнинг даромади ҳам пойтахтдагига қараганда анча паст.

Олти ёшли ўғлини мактабга тайёрлаётган хоразмлик Муҳаббат опа эса боласини мактабга жойлаш учун 2 миллион сўм сарфлаганини айтади.

- Яхшироқ мактабга жойлаш учун 2 миллион сўм беришга тўғри келди. Яхшироқ мактабда ўқисин деяпмиз. Президентимизнинг ўқув қуроллари солинган мактаб сумкаларини олдик, шу ҳам катта ёрдам бўляпти ота-оналарга, - дейди Муҳаббат опа.

Фарзандлари катта синфга борадиган ота-оналарнинг ҳаражатлари эса ўзига яраша.

- Бошқалар қатори кийинтирмасангиз кўнгли ўксийди. Бошқалардан кам бўлмасин, деб қимматроқ бўлса ҳам кийим-бош олиб берамиз. Бола катта бўлган сайин мактаб ҳаражати ҳам ошиб борар экан.Бир болани кийинтиришни ўзи 200 доллар бўляпти. Кийимку майли, амаллаймиз. Айрим фанлардан репититорга тўлашга ҳам тўғри келяпти, чунки мактабда етарли билимни олмайди. Мактабдаги ўқиш билан қаноатланадиган бўлсангиз болангиз ўқишга киролмайди. Шунинг учун репититорга пул тўлаб, дарсдан кейин болани яна ўқитяпмиз- деди Тошкентлик Машҳура опа.

Ота-оналар олдида келажакда фарзандини олий ўқув юртига киритиш жараёнлари турибди.

Олий ўқув юртига кириш учун тўланадиган ҳаражатлар ва контракт пуллари эса мактаб ҳаражатлари олдида холва.

Лекин, кўпчилик ота-оналар, жумладан тошкентлик Латофат опа ҳам фарзандларини ўқитиш учун бор-бутини аямаслигини айтишади.

- Пул кетса кетсин, фарзандларимиз билимли бўлсин, - дейди тошкентлик Машҳура опа.