Президент Шавкат Мирзиёев 5 сентябрь куни давлат ташрифи билан Бишкекка келади.
Мирзиёевнинг 5-6 сентябрь кунларига мўлжалланган давлат ташрифи доирасида икки давлат ўртасидаги чегара масалалари юзасидан оралиқ шартнома имзоланиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўтган ҳафтада мазкур шартнома лойиҳаси бўйича томонлар муросага келганларини хабар қилган эди.
Бундан ташқари президентлар икки томонлама ҳамкорлик, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш лойиҳаси бўйича ҳам музокаралар ўтказади.
16 апрель куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Бишкекка келган ва Қирғизистон билан чегаранинг 1170 километри аниқланиб бўлингани юзасидан оралиқ битимни имзолаган эди.
Мазкур битим асосида тузиладиган шартнома эса президентлар учрашуви пайтида имзоланиши хабар қилинганди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаранинг узунлиги 1378 километрни ташкил қилади. 16 августгача бу ҳудуднинг 320 чақирими аниқланмагани ва баҳсли бўлиб қолаётгани айтилиб келинган.
Чегаранинг 1170 километри аниқланиб бўлингани тўғрисидаги оралиқ битим имзоланганидан сўнг 208 километрга яқин баҳсли ҳудуд қолгани расман хабар қилинди.