“Дўстлик” чегара-ўтказув пункти 6 сентябрдан бошлаб 24 соатлик режимда ишлай бошлади

“Дўстлик” чегара пунктининг расмий очилиш маросимига йиғилган одамлар.

Андижон ва Ўш вилоятлари ўртасидаги “Дўстлик” чегара-ўтказув пункти 6 сентябрдан бошлаб 24 соатлик режимда ишлайди. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукуматининг расмий сайтида маълум қилинди.

Расмий хабарда билдирилишича, бундан бён мазкур чегара пунктидан ўтиш учун қўйилган барча чекловлар, жумладан, чақирувчи томондан телеграмма талаб қилиш бекор қилинди. Ватандошлар паспортларини кўрсатиб, бемалол чегарадан ўтишлари мумкин бўлади.

6 сентябрь куни Озодлик радиоси “Дўстлик” чегара пункти расман тантанали равишда очилганини, очилиш маросимида икки давлат расмийлари ҳамда ҳар икки томондан минглаб аҳоли вакиллари иштирок этганини хабар қилган эди.

"Дўстлик" чегара пункти 2010 йилги Ўшдаги қонли воқеалардан сўнг Ўзбекистон томонидан бир томонлама ëпиб қўйилган эди. Икки давлат ўртасида жами 15 та чегара-ўтказиш пункти бор. Улардан шу кунларда фақат учтаси ишламоқда.