Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган миллиардер Фаттоҳ Шодиев Ўзбекистонда ҳам ҳайрия ишлари билан шуғулланадиган бўлди.
Podrobno.uz нашрининг 7 сентябрда хабар беришича, Ўзбекистон Адлия вазирлиги Фаттоҳ Шодиевнинг бош қароргоҳи Лихтенштейнда жойлашган ҳайрия жамғармаси ваколатхонасини рўйхатга олди.
Хабарда айтилишича, Шодиевнинг жамғармаси Ўзбекистонда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ва болаларни гуманитар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш соҳасида фаолият юритади.
Фаттоҳ Шодиев Жиззах вилоятида туғилиб ўсган. 1997 йилда Бельгия ватандошлигини олган. У Бельгиянинг энг бой иккинчи одами ҳисобланади.
1992 йилда Шодиев келиб чиқиши қирғизистонлик бўлган миллиардерлар Александр Машкевич ва Алижон Иброҳимов билан ҳамкорликда Қозоғистонда Eurasian National Resources ширкатига асос солган.
1954 йилда Фарғонада туғилиб¸ Қирғизистонда улғайган Алижон Ибрагимов, 1953 йилда Жиззахда туғилиб, 1990 йилларнинг бошларидан бери Қозоғистонда бизнес билан шуғулланиб келаётган Паттоҳ Шодиев, 1954 йилда Бишкекда туғилиб, 1989 йилдан бери Қозоғистонда тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган Александр Машкевич президент Назарбоевга яқин бўлган шахслар ҳисобланади.
Улар Бельгияда “пул ювиш”, “ҳужжатларни сохталаштириш”да айбланган. Бироқ 2011 йил июнида Бельгия парламенти кўрсатмасидан сўнг мазкур миллиардерлар 23 миллион евро жарима тўлаб, жавобгарликдан озод этилган.