Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги “Дўстлик” назорат-ўтказиш пунктидан сўнгги бир кеча-кундузда 2,5 минг нафар атрофида одам ўтди.
Бу ҳақда Азаттиқ радиосига “Достук” пункти раҳбари Бахтияр Эсенгелдиев билдирди. Расмийга кўра, олдин бу маскандан суткасига 1,5 минг киши ўтиб турган.
6 сентябрь куни Озодлик радиоси “Дўстлик” чегара пункти расман тантанали равишда очилганини, очилиш маросимида икки давлат расмийлари ҳамда ҳар икки томондан минглаб аҳоли вакиллари иштирок этганини хабар қилган эди.
"Дўстлик" чегара пункти 2010 йилги Ўшдаги қонли воқеалардан сўнг Ўзбекистон томонидан бир томонлама ëпиб қўйилган эди. Икки давлат ўртасида жами 15 та чегара-ўтказиш пункти бор. Улардан шу кунларда фақат учтаси ишламоқда.